Таклифим инобатга олинди

21:38 18 Март 2023 Жамият
939 0

2023 йил 9-10 март кунлари Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳаси бўйича референдум ўтказиш ҳақидаги масала муҳокама қилинганди.

Мажлисда Конституциявий қонун лойиҳасига энг яхши таклифларни юборган 10 нафар фаол фуқаролар қаторида мен ҳам иштирок этдим. Бу менга, яъни оддий ўқитувчига юксак ифтихор бағишлади. Мен томондан берилган таклифнинг олий даражада эътироф этилиши, албатта, кутилмаган воқеа бўлди.

Ялпи мажлисда Қонунчилик палатасида, аввало, қўмита ва фракциялар йиғилишларида муҳокама қилиниб, бир қанча чиғириқдан ўтган Конституция лойиҳасининг ҳар бир моддасига бирма-бир тўхталиб ўтилгани эътиборимни тортди. Бу жараёнда мен қонун лойиҳаси муҳокамаси очиқ, қизғин тарзда бўлганлиги ва депутатларнинг биргина жумла ёки сўз учун қизғин тортишишига гувоҳ бўлдим.

Кўпчилик қатори https://meningkonstitutsiyam.uz платформаси орқали амалдаги Конституциянинг 99-моддасига “Айни бир шахс тегишли ҳудуднинг ҳам вакиллик, ҳам ижро органининг раҳбари бўлиши мумкин эмас. Ҳоким маҳаллий Кенгаш раислигига сайланиши мумкин эмас” деган нормани киритиш таклифини берган эдим.

Қарангки, ушбу таклифим инобатга олиниб, Конституция лойиҳасининг 120-моддасида “Вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари маҳаллий Кенгаш раиси лавозимларини эгаллашлари мумкин эмас” кўринишида ўз ифодасини топди.

Шу ўринда ҳақли савол туғилади: “Бу норма халқимизга, қолаверса, мамлакатга нима беради, қайси жабҳаларда ўзгариш бўлади?”

Агар биз Ўзбекистон Республикасининг “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги қонунига эътибор берсак, унда маҳаллий Кенгашларнинг ижро органи фаолияти устидан бир нечта ваколатлари белгиланган. Бюджет, солиқ ва бошқа ижтимоий-иқтисодий масалалар шулар жумласидан.

Маҳаллий ижро этувчи ва вакиллик ҳокимиятининг бўлиниши мамлакатда бутун давлат бошқаруви тизимини чуқур ислоҳ қилиш учун асос бўлади. Шу асосда маҳаллий Кенгаш раиси билан ҳоким лавозимини бир-биридан ажратиш амалга оширилади.

Бу ислоҳотнинг жорий этилиши ҳокимият ваколатларининг бўлиниш принципини маҳаллий даражада татбиқ этишга, маҳаллий Кенгашлар фаолияти самарадорлигини, ҳокимларнинг халқ вакиллари олдидаги масъулиятини оширишга олиб келади. Ҳудудларда халқ манфаатларини тўлиқ таъминлашга, ҳокимликлар фаолияти устидан Кенгашлар ва жамоатчилик назоратини кучайтиришга хизмат қилади.

Хулоса ўрнида айтганда, конституциявий ислоҳот биз, фуқароларнинг фикри ва қўллаб-қувватлаши асосида референдум орқали амалга оширилаётгани Бош қомусимизнинг халқимиз хоҳиш-иродасининг ифодаси — ҳақиқий халқ Конституциясига айланишига имкон беради.

Қаҳрамон УЗОҚОВ, ўқитувчи.

Фарғона вилояти

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер