Таиланд сайёҳлар учун мажбурий суғурта жорий этиши мумкин

19:35 08 Апрель 2026 Дунё
647 0

Таиланд кўрсатилган тиббий хизматлар учун тўланмаган ҳисоблар туфайли жамоат соғлиқни сақлаш тизимига тушаётган қарз юки ортиб бораётгани сабабли сайёҳлар учун мажбурий суғуртани жорий қилиши мумкин. Бу ҳақда ТАСС нашри The Bangkok Post газетасига таяниб хабар бермоқда.

«Бизда аллақачон тегишли режалар бор. Масала шундаки, суғурта қамрови қандай бўлиши керак ва хорижлик беморлар томонидан келаётган умумий юк қанчани ташкил этади», — деб таъкидлади соғлиқни сақлаш вазири Пхаттхана Промпхат.

Таиланд соғлиқни сақлаш вазири бундай чора турли гуруҳлар, жумладан, сайёҳлар ва мигрантлар, айниқса чегараолди ҳудудларида яшовчилар манфаатларини ҳисобга олиши кераклигини айтиб ўтди.

«Ватчира Пхукет» шифохонаси директори Вирасака Лотхонгкхамнинг сўзларига кўра, тиббиёт муассасаси ҳар йили суғуртаси бўлмаган хорижлик беморларни даволаш учун тахминан 10 миллион бат ($308 минг) миқдоридаги харажатларни ўз зиммасига олади.

«Кўпгина сайёҳлар Пхукетга келиб, биринчи марта мотоцикл ҳайдаб кўришади, бу эса бахтсиз ҳодисалар хавфини оширади», — деди у.

Шифохона директори мисол тариқасида умуртқа поғонасидан жароҳат олган сайёҳ билан боғлиқ ҳолатни келтирди. Ушбу фуқаро фақат бошини қимирлата олган, даволаниш харажатлари 1 миллион батдан ($31 минг) ошган, бироқ тўлов амалга оширилмаган.

Таиланд Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, суғуртаси бўлмаган хорижлик сайёҳларнинг тўланмаган ҳисоблари йилига 100 миллион батдан ($3 млн) ошиб кетмоқда. Бундай ҳолатлар кўпинча йирик туристик марказларда қайд этилади.

Қайд этилишича, аввалроқ ҳаво йўллари орқали келувчи сайёҳлардан ундирилиши режалаштирилган 300 бат ($9,2) миқдоридаги йиғим кун тартибидан чиқарилган. Эндиликда ҳукумат мажбурий суғуртани чет элликларнинг соғлиқни сақлаш тизимидан фойдаланиш муаммосини ҳал қилишда самаралироқ ечим деб ҳисобламоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер