Тадқиқотчилар: Коронавирус дунё бўйича 68 миллион нафар инсонни ҳаётдан олиб кетиши мумкин
Фото: Getty Images
Австралия миллий университети олимлари коронавирус тарқалишининг энг ёмон ҳолатларини эълон қилишди ва эпидемия келтириб чиқариши мумкин бўлган оқибатларни тақдим этишди.
Мутахассисларнинг фикрига кўра, COVID-19 пневмонияси натижасида вафот этганлар, касаллик тарқалгандан кейинги бир йил ичида 68 миллион кишини ташкил этади. Шу билан бирга, Хитойда 12 миллиондан ортиқ одам коронавирус туфайли ҳаётдан кўз юмиши мумкин. АҚШ ва Россияда бу рақамлар бир миллион нафарни, Европа мамлакатларида эса қурбонлар сони бир неча юз мингни ташкил этади. Пандемия натижасида дунё иқтисодиёти 9,2 триллион долларга қисқаради. Айрим мамлакатларда ўта жиддий инқироз кузатилиши мумкин.
Олимларнинг “енгилроқ” ҳисоб-китобларига кўра эса коронавирусдан ўлим даражаси 2 фоизни ташкил этганда ҳам дунёда 15 миллион одам ҳалок бўлади. Энг катта қурбонларга Ҳиндистон ва Хитой дуч келади — ҳар бири миллион киши. Европанинг йирик давлатларида 60-70 минг инсон ҳалок бўлади. Бу ҳолда глобал ялпи ички маҳсулот 2,3 триллион долларга камаяди.
Ўлимнинг ўртача сценарий бўйича баҳолаш шуни кўрсатадики, 38 миллион киши коронавирусдан нобуд бўлади ва бунинг натижасида дунё иқтисодиётига 5,3 триллион доллар зарар етади.
Сўнгги маълумотларга кўра, коронавирус туфайли ҳаётдан кўз юмганлар сони 3401 кишини ташкил этмоқда.
Вирусни дунё бўйича 99 805 киши юқтириб олган. Хитойда вирус билан 80 552 киши зарарланган.
Айни пайтга келиб, дунёнинг 85 мамлакатида вирус билан боғлиқ ҳолатлар расман қайд этилган.
Касалликни юқтириб олиб, тузалганлар сони 55 минг нафарни ташкил этмоқда.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг