Тадбиркорликни юритишдаги ортиқча мажбуриятлар бекор қилинмоқда

16:09 20 Декабрь 2023 Сиёсат
510 0

Фото: Aбдумуталиб Тойиров / “Халқ сўзи”

Сенатнинг қирқ саккизинчи ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги Қонун кўриб чиқилди.

Муҳокама этилган Қонун мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларга ҳамоҳанг бўлиб, тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг суд орқали ҳимоя қилинишини таъминлаш бўйича мавжуд чекловларни олиб ташлашга ҳамда тадбиркорлик фаолиятини тартибга солишдаги айрим мажбурий талабларни қисқартиришга қаратилган.

Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига солиқ органларининг сайёр солиқ текширувлари ва солиқ аудити натижалари бўйича қабул қилинган қарорлари устидан тадбиркорларнинг тўғридан-тўғри судга шикоят қилишига доир чекловларни бекор қилишни ҳамда судга шикоят қилиш имкониятларини кенгайтиришни назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилмоқда.

Шунингдек “Хўжалик ширкатлари тўгрисида”ги, “Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида”ги ва “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя килиш тўғрисида”ги қонунларга тадбиркорлик субъектининг устав фондини (устав капиталини) камайтириш тўғрисида қарор қабул қилинганда кредиторларни ёзма равишда хабардор қилиш ва оммавий ахборот воситаларида бу ҳақда эълон бериш талаби бекор қилинишини назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилмоқда.

Сенаторлар мазкур Қонуннинг қабул қилиниши тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя қилинишини таъминлашга ҳамда уларнинг зиммасига ортиқча харажатлар ва мажбуриятлар юклатадиган айрим бюрократик тартиб-таомиллар бекор қилинишига олиб келишини эътироф этишди.

Муҳокамадан сўнг Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Фото: Aбдумуталиб Тойиров / “Халқ сўзи”

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер