Тадбиркор аёллар клуби давра суҳбати ташкил этилди
Фото: Сирожиддин Воҳидов / "Халқ сўзи"
Бугун Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича республика комиссияси ҳузуридаги Тадбиркор аёллар клуби давра суҳбати бўлиб ўтди.
Олий Мажлис Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси томонидан ташкил этилган ушбу давра суҳбатида сенаторлар, хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари бўйича доимий комиссиялар вакиллари ҳамда тадбиркор аёллар иштирок этди.
Таъкидланганидек, Комиссия ҳузурида ташкил топган Тадбиркор аёллар клуби қатнашчилари 2021 йил 21 сентябрь куни Бишкекда ўтказилган “Қирғизистон Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси тадбиркор аёлларининг мулоқоти” халқаро бизнес форумида қатнашди.
Ўзбекистон ва Қирғизистон тадбиркор аёллари ўртасида бўлиб ўтган “B2B” учрашувлари иккала томон тадбиркорлари учун жуда фойдали бўлди.
Музокаралар якунида томонлар ўртасида умумий қиймати 13,2 млн АҚШ долларига тенг бўлган 15 га яқин шартнома ва меморандумлар имзоланди. Бу учрашув давлатимизни ривожлантиришга қаратилган ҳамкорликдаги муҳим қадам бўлди.
Давра суҳбати давомида тадбиркор аёл етакчисининг асосий вазифалари ҳамда фаолият йўналишлари ҳақида батафсил маълумот берилди.
Суҳбат давомида хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари бўйича доимий комиссиялари аъзолари сўзга чиқиб, ўзаро ҳамкорлик олиб бориш юзасидан фикр алмашишди.
Кенгашлар томонидан ташкил этилаётган турли сиёсий ва тарғибот-ташвиқот тадбирларига кенг жалб қилиш, уларнинг сиёсий онгини ўстиришга қаратилган семинарлар, давра суҳбатлари ўтказиб бориш каби тавсиялар билдирилди.
Давра суҳбати якунида тадбиркор аёллар етакчилари фаолиятини ташкил этиш ва уларга амалий ёрдам кўрсатиш Сенатнинг доимий назоратида бўлиши таъкидланди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг