Табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ФАО конференцияси диққат марказида
Фото: Қишлоқ хўжалиги вазирлиги
Шу кунларда Италиянинг Рим шаҳрида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Озиқ-овқат ташкилотининг Европа Минтақавий конференциясининг 34-сессиясида бўлиб ўтмоқда.
Унда Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов ҳам иштирок этмоқда.
Мазкур анжуман доирасида И. Абдураҳмонов «Табиий ресурслардан оқилона фойдаланишда рақамлаштириш ва инновациялар ўрни» мавзусидаги панель сессияда қатнашди. Унда Ўзбекистон, Албания ва Молдова қишлоқ хўжалиги вазирлари нутқ сўзлади.
И. Абдураҳмонов ўз нутқида қишлоқ хўжалигини иқлим ўзгаришига мослаштириш, ерлардан самарали фойдаланиш ва соҳани илмий ривожлантиришда рақамлаштириш ва инновацияларни жорий этиш муҳимлиги таъкидлади. Бундан ташқари, мамлакатимиз қишлоқ хўжалигида иқлим ўзгаришига мослашиш ва соҳанинг иқлимга салбий таъсирини юмшатиш бўйича миллий дастур ишлаб чиқилгани, агрометеорология станциялари ўрнатиш, ерни лазерли текислаш харажатлари учун субсидия ажратиш, «Ақлли қишлоқ хўжалиги» амалиётларини кенгайтириш ва соҳадаги иссиқхона газларидан фойдаланишни камайтиришга қаратилган чора-тадбирларига алоҳида эътибор қаратилганига урғу берди.
Шунингдек, Европа ва Марказий Осиё ўртасида иқлим ўзгаришига мослашиш ва инновацияларни жорий этиш бўйича ҳамкорликни янада кенгайтириш зарурлиги қайд этилди. Вазир шу соҳада фаолият юритаётган олимлар ва экспертларни Орол денгизи бассейнида янги технологияларни синовдан ўтказиш ва жорий қилишга таклиф этди.
Анжуман доирасида И. Абдураҳмонов Албания қишлоқ хўжалиги вазири билан истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан мулоқот олиб борди.
Мулоқотда икки давлат илмий тадқиқот институтлари ўртасида қўшма илмий изланишлар ўтказиш, Албания лаборатория тажрибасини ютимизда жорий қилиш, ўзаро start-up лойиҳаларни ҳам амалга ошириш борасида ўзаро ҳамкорлик қилишга келишиб олинди.
Музокаралар якунида Ўзбекистон ва Албания ўртасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва экспорт салоҳиятини кенгайтириш борасида самарали ва конструктив ҳамкорликнинг амалий жиҳатлари юзасидан келишувларга эришилди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг