Табаррук манзил таровати (Фоторепортаж)
Хотира майдони... Минглаб юртдошларимизнинг жасорати, матонати, қаҳрамонликлари бир китобга жам бўлган маскан. Хотира майдони — йигит ёшида ҳаётга тўймай шаҳид кетган юртдошларимизга битилган марсия. Хотира майдони — ёлғиз жигаргўшасини урушга юбориб, унинг қайтишидан умидини узмаган Мотамсаро она! Севгилисига “Сизни кутаман”, дея ваъда бериб, умрини чимилдиқ кўрмай йўл кутиб ўтказган вафо ва садоқат тимсоли — аёл! Сафдош дўстларини хотирлаб, тирик қолгани учун гўё ўзини айбдор хис қилган ва йиллар адл қаддини дол қилган уруш кўрган оталаримизнинг доимий зиёратгоҳи!
Бугун бу майдонининг кўрк ва таровати ўзгача. Йил бўйи яшнаб турувчи дарахтлару турфа гуллар кўзни қувонтиради. Майин шабададан оҳиста тебранаётган яшил майсалар гўё саловат айтаётгандай... Бу ерга келган одам темир китобларга битилган минглаб ота-боболаримиз номларини ўқиб, чуқур ўйга чўмади.
Айниқса, йилдан йилга сафлари камайиб бораётган уруш қатнашчилари, отахону онахонларимиз кўз ёшларини тиёлмайди. Уларни кўриб тинчликнинг, осойишталикнинг қадрини янада теранроқ англайди киши.
Хотира ва Қадрлаш куни арафасида бу ерни зиёрат қилувчилар сафи ҳар қачонгиданда гавжум. Майдон узра таралаётган қуёш нурлари ушбу манзилни янада нурафшон этади. Шаҳид кетганлар руҳига саловат айтаётган қушлар эса оҳиста шивирлайди: Табиат! Алвон рангли лолаларингни, гулу чечакларингни қабристонга ёз! У ерда ҳаётга тўймаганлар ётибди. Шояд, уларнинг руҳи осойиш топса! Биздан рози бўлса...
Мавжуда ХОЛМАТОВА.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг