Сўхда янги ўзлаштирилган 500 гектар ерда интенсив ўрикзор ташкил этилди

13:58 04 Апрель 2023 Жамият
727 0

Фото: Халқ сўзи

Фарғона вилояти Сўх туманининг Жавпая даҳасида янги ўзлаштирилаётган 500 гектардан ортиқ майдонда шу кунларда интенсив ўрикзор ташкил этиляпти. Ҳозирда биринчи босқич доирасида 155 гектар ерга ўрик кўчатлари экиш ишлари олиб бориляпти. Янги ўрикзор 50 сотихдан кам таъминланган оилалар, ишсиз ёшларга бўлиб берилади.

Ўрик қаторлари ораларига полиз экинлари, дуккакли экинлар, фармацевтика ва парфюмерия саноати учун муҳим бўлган заъфарон етиштириш йўлга қўйилади. Заъфарон туганак пиёзларини харид қилиш учун аҳолига имтиёзли кредит тақдим этилиши режалаштирилган.   

Сўх тумани ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Анваржон Жўраевнинг “Халқ сўзи” мухбирига хабар беришича, 2022 йилдан бошлаб мазкур ҳудудда йиллар давомида қаровсиз ётган 1000 гектар ер майдони қишлоқ хўжалиги экинлари экиш учун ўзлаштириляпти. Шу мақсадда 5 км тармоқ тортилиб, 223 метр баландликка сув чиқарилди. Бунинг учун вилоят маҳаллий бюджетидан 21 млрд сўм маблағ ажратилди.

Фото: Халқ сўзи

Шунингдек, туманнинг Қайроқ массивида 1400 гектар ер майдони қишлоқ хўжалигида фойдаланиш учун ўзлаштириляпти. Айни кунларда дастлабки 200 гектар ерда малина плантацияси барпо этишга киришилди.

- Хориждан серҳосил, экспортбоп малина навлари олиб келиниб, малиначилик кластери ташкил этиш орқали етиштирилган ҳосил саноат усулида тўлиқ қайта ишланади,-дейди Сўх тумани ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Муслимбек Мавлонбеков. – Натижада 400 кўпроқ сўхлик ёшларнинг доимий бандлиги таъминланади.

Қайроқ масссивида иккинчи босқичда 185 гектар ерда картошка етиштирилиб, ёнғоқ, олма ва нок боғлари, тут ва доривор гиёҳлар плантациялари барпо этилади. Бунинг самараси сифатида тумандаги 3 минг нафардан зиёд ёш оилаларни иш билан таъминлаш мақсад қилинган.

Ботир Мадиёров, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер