Сув келтирган элда азиз

16:55 23 Июль 2020 Жамият
1752 0

Жорий йилнинг 10 июлида Президентимиз томонидан имзоланган «Ўзбекистон Республикаси сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020–2030 йилларга мўлжалланган концепциясини тасдиқлаш тўғрисида» ги Фармони мамлакатимизда сувни бошқариш ва ундан фойдаланиш тизими ривожида янги давр бошлангани ҳақидаги муҳим ҳужжат сифатида бизни ниҳоятда қувонтирди.

Фармон билан Осиё Тараққиёт банки, Швейцария ҳамкорлик ва тараққиёт агентлиги каби халқаро ташкилотлар экспертлари иштирокида ишлаб чиқилган мазкур Концепция асосида 2020–2022 йилларда амалга ошириладиган аниқ чора-тадбирларни белгиловчи «Йўл харита»си ҳам тасдиқланди. Харита соҳада олиб борилиши зарур бўлган барча юмушлар аниқ-тиниқ ўз аксини топганлиги билан бизга дастуриламал сифатида хизмат қилади.

Доно халқимизнинг «Сув келтирган элда азиз» деган ҳикматли гапини кўп эшитамиз. Зеро, ҳамма даврларда ҳам сувни саховатли далалар бағри, бободеҳқонлар ихтиёрига етказиб бериш осон кечмаган. Юрт ободлиги, дастурхонимиз тўкинлигига сабаб бўладиган сувни бошқариш ва ундан тежаб фойдаланиш иши бир санъат.

Очиқ айтиш керак, мен ҳам шу соҳа мутахассиси сифатида Президентимиз Фармонида эътироф этилган мавжуд муаммоларнинг аксариятини иш жараёнида юрагимдан ўтказганман.

Буни қишлоқ хўжалигида баъзи жойларда фойдаланиладиган сув сарфининг кўплиги, баъзи ерларда сув таъминоти даражаси пастлиги, суғориладиган ерларнинг шўрланиш даражасини ортиб бораётгани, ирригация каналлари, лотокларнинг эскиргани, уларни таъмирлаш, реконструкция қилиш, насос станцияларининг аксарияти ўз хизмат муддатини ўтаб бўлгани билан боғлиқ муаммолар билан изоҳлашим мумкин.

Яна, магистраль ва хўжаликлараро каналлар, суғориш тармоқларининг фойдали иш коэффициенти пастлиги, сув хўжалиги учун Давлат бюджетидан ажратиладиган жами маблағларнинг асосий қисми электр энергияси учун сарфланиши, кичик фоизигина таъмирлаш-тиклаш ишларига йўналтирилиши соҳа ривожига маълум даражада тўғоноқ бўлаётган эди. Сувчиларнинг ўртача иш ҳақи 1,5 млн. сўм эканлиги ходимлар қўнимсизлигини келтириб чиқарарди.

Концепция асосида ана шу магистраль ва хўжаликлараро каналларда таъмирлаш ва тиклаш, реконструкция қилиш ишлари тизимли тарзда олиб борилади. Бетон қопламали каналларнинг улуши 46 фоизга (13,1 минг км) етказилади. Шу билан бирга 12,9 минг км. лоток тармоқлари янгисига алмаштирилади. Натижада суғориш тармоқларининг фойдали иш коэффициенти 0,73 га етказилади.

2022 йилдан бошлаб пахта ва ғалла етиштиришда насослар истеъмол қилган электр энергияни Давлат бюджетидан қоплаш фақат сув тежовчи технологияларни жорий этганларга татбиқ этилади. 2023–2025 йилларда сув тежовчи технологияларни насослар ва қудуқларга боғланган экин майдонларида жорий қилиш орқали улардан фойдаланишнинг иқтисодий самарадорлиги оширилади.

Мутахассисларнинг фикрича, Ўзбекистон сув танқислигига мойил бўлган 25 та давлат қаторига киради. 2030 йилга бориб сувнинг умумий тақчиллиги 2,3 баробар ошиши кутилмоқда. Кейинги 10–15 йил ичида аҳоли жон бошига сув таъминоти деярли 2 баробар қисқаради. Лекин сувга бўлган талаб саноат ва энергетика соҳаларининг сув истеъмолига бўлган талаби ўсиши муносабати билан 20 фоизгача ошади.

Келтирилган далиллардан кўриниб турибдики, давлатимиз раҳбарининг фармони ўз вақтида қабул қилинган, ниҳоятда долзарб ва муҳим ҳужжат бўлди.

Концепция асосида 2020–2021 йилларда сув ҳисобини юритиш стандартлаштирилади ҳамда давлат сув кадастрини юритиш тизими автоматлаштирилади. 2022 йилда сув ресурслари ҳисобини юритиш ва бошқаришнинг яхлит тизими яратилади. 2023–2030 йилларда 100 та йирик сув иншоотларнинг бошқаруви автоматлаштирилади, барча сув ўлчаш (18 576 ) постларида реал вақтда сувни назорат қилиш учун «Ақлли сув» қурилмалари ўрнатилади, соҳага тўлиқ рақамли технологияларни жорий этиш орқали сувдан фойдаланиш самарадорлиги 10–15 фоизга оширилади;

Концепция билан мамлакатимиз сув хўжалиги соҳасида кўплаб ўзгаришлар, янгиланишлар бўлади. Соҳага давлат-хусусий шериклик ва аутсорсинг жорий этилади. Кадрлар тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш, илм-фан ютуқлари ва ноу-хауларни амалиётга татбиқ этишга эътибор кучайтирилади. Трансчегаравий сув ресурсларидан фойдаланиш бўйича давлатлараро муносабатларни ривожлантириш бўйича ҳам бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилади.

Маълумки, мамлакатимиз эҳтиёжи учун сарфланадиган сувнинг 80 фоизи қўшни республикалар ҳудудидаги тоғларда шаклланади. Иқлим ўзгариши, тоғлардаги кўп йиллик музларнинг эриб бориши ҳисобига сув захиралари камайиб бормоқда. Ана шундай шароитда Концепцияда белгиланган вазифаларнинг ижросини тўлиқ таъминлаш, энг аввало, сувдан самарали фойдаланиш ва сув тежовчи суғориш технологиялари жорий этишни кенгайтириш ҳисобидангина танқисликнинг олдини олиш ва халқимиз учун оби-ҳаётни етарли даражада етказиб бериш мумкин бўлади.

Дарёлар, каналлар, эгатларда қуёш нурларини жилвалантириб оқаётган оби-ҳаётдан самарали ва тежаб фойдаланишнинг ана шундай ўзига хос заҳматлари ва истиқболлари бор. Давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган фармон соҳа ходимларини янада шижоатли меҳнатга рағбатлантириб, юртга сув келтиришдек хайрли ишларига қанот бағишлайди.

Фарҳод Раджабов,
Зарафшон ирригация тизимлари 
ҳавза бошқармаси бошлиғи
(Самарқанд)

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер