Сурхондарёда вагон остига беркитилган гиёҳвандлик воситаси фош этилди
Фото: Божхона қўмитаси
Сурхондарё вилоятидаги «Сариосиё» темир йўл чегара божхона постида вагон остига беркитилган гиёҳвандлик воситаси фош этилди. Бу ҳақда Давлат Божхона қўмитаси ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, вилоят божхона бошқармасининг «Сариосиё» темир йўл чегара божхона постида қўшни давлатдан кириб келган темир йўл поезди таркибидаги юк вагонлари белгиланган тартибда божхона назоратидан ўтказилган.
Кўрик давомида хизмат ити ёрдамида вагоннинг таг қисмида божхона назоратидан яширилган, рангсиз полиэтилен идишга жойлаштирилган «марихуана» гиёҳвандлик воситаси борлиги аниқланган. Мазкур гиёҳвандлик воситаси махсус тарозида ўлчаб кўрилганда, идиши билан бирга 113,9 граммни ташкил этган.
Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг