Сурхондарёда йирик ҳажмли насос қувури ёрилиб кетди
Видеодан кадр
Ижтимоий тармоқларда Сурхондарё вилоятида йирик ҳажмли насос қувурининг ёрилиб кетиши оқибатида аҳоли хонадонларига зарар етгани ҳақида хабарлар ва ҳолат акс этган видеолар тарқалди. Вилоят ҳокимлиги мазкур хабарлар юзасидан расмий баёнот берди.
30 июнь куни соат 12:50 лар атрофида Жарқўрғон туманида жойлашган «Боботоғ» насос станциясининг 1-коллектори 7-участкасида диаметри Д-2850 мм бўлган қувурда ёрилиш ҳолати юзага келган. Оқибатда юқори босимли сув отилиши кузатилган.
Авария юзасидан зудлик билан дастлабки чоралар кўрилган, хусусан, 1-коллектордаги 3 та насос агрегати фаолияти фавқулодда тўхтатилган. Шундан сўнг махсус тезкор бригада ҳодиса жойига етказилиб, таъмирлаш ишлари олиб борилган. Соат 21:00 да таъмирлаш ишлари тўлиқ якунланган ва 21:20 да насос агрегатлари қайта ишга туширилган.
Таъкидланишича, мазкур ҳолат оқибатида яқин атрофдаги аҳоли хонадонлари ҳамда насос станцияси иншоотларига ҳеч қандай зиён етмаган.
«Ҳозирги вақтда насос агрегатлари одатдаги иш тартибида фаолият юритмоқда», дейилади баёнотда.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг