Сурхондарёда ҳам байрам кўтаринки руҳда нишонланмоқда
Термиз шаҳрида янгидан бунёд этилган “Инденим” савдо-сервис мажмуасида 8 март — Халқаро хотин-қизлар байрами муносабати билан байрам тадбири бўлиб ўтди. Унда вилоятнинг шаҳар ва туманларидан ташриф буюрган хотин-қизлар вакиллари иштирок этди. Байрам тадбирида йиғилганларни Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов қизғин муборакбод этиб, эзгу тилакларни билдирди.
Қайд этилганидек, бугунги кунда давлат ва жамият қурилишида хотин-қизлар иштироки тобора кенгайиб, турли соҳа ва тармоқларда эришилаётган ютуқларда уларнинг алоҳида ўрни бор. Айниқса, аёлларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги ортмоқда. 111 нафар сурхондарёлик аёл Олий Мажлис ва маҳаллий Кенгашларда халқ вакиллари бўлиб фаолият кўрсатаётгани ҳам шундан далолат беради.
Халқ розилиги, аввало, муҳтарама оналаримиз, хотин-қизларнинг розилиги билан боғлиқ. Уларнинг соғ-саломат бўлиб, бахтли яшашини таъминлашга ҳар қачонгидан катта эътибор қаратиляпти.
Агар рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак,Сурхондарё вилоятида охирги 3 йил давомида меҳнатга лаёқати чекланган, эҳтиёжманд, ижтимоий ҳимояга муҳтож аёлларнинг 644 нафарига уй-жойлар берилди. 22 мингдан зиёд оилаларга томорқа учун тўрт сотихдан суғорилмайдиган ер майдонлари ажратилди.
Биргина 2019 йилда 212 нафар аёлга Хотин-қизлар ва оилаларни қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ҳисобидан бошланғич бадал тўлови тўлаб берилиб, уй-жой билан таъминланди. 1,5 минг нафардан ортиқ оғир турмуш шароитида яшаётган аёллар ишга жойлаштирилди. Жумладан, “Ҳар бир оила тадбиркор” дастури доирасида ҳамда Хотин-қизлар ва оилаларни қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ҳисобидан 7 минг 222 нафар хотин-қизга 130 миллиард 97 миллион сўмлик имтиёзли кредитлар ажратилиб, 8минг 324 та иш ўрни яратилди.
Вилоятида оғир турмуш шароитида яшаётган хотин-қизларнинг 1665 нафарига тиббий ёрдамлар кўрсатилди, 1035 нафарининг бандлиги таъминланди, қарийб 1280 нафарига 535 млн. сўмдан ортиқ моддий ёрдам кўрсатилди.
Байрам тадбири давомида 16 нафар аёлга “Мўътабар аёл“ кўкрак нишони ҳамда 20 нафар хотин-қизларга вилоят ҳокимлигининг фахрий ёрлиғи ва эсдалик совғалари тантанали тарзда топширилди.
Байрам санъаткорлар ижросидаги бадиий дастурга уланиб, иштирокчиларга хуш кайфият улашди.
-Ҳеч юрт аёлларига Ўзбекистондаги каби давлат даражасида бундай юксак эътибор, ғамхўрлик кўрсатилмаса керак. Нафақада бўлсам, ҳар сафар байрамларга таклиф этишади. Бундан бошим кўкка етади. Дилим яшнаб, тўлқинланиб кетаман. Айниқса, байрам муносабати билан бир гуруҳ аёллар қатори “Мўътабар аёл” кўкрак нишони билан тақдирлашганидан беҳад мамнун бўлдим!, — дейди термизлик меҳнат фахрийси Робия Тўлякова.
Илҳом РАҲМАТОВ, “Халқ сўзи” мухбири.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг