Сурхондарёда анъанавий «Китобхонлик ҳафталиги» ўз ишини бошлади

15:52 22 Апрель 2024 Жамият
686 0

Фото: “Халқ сўзи”

Фарҳод ЭСОНОВ / «Халқ сўзи». Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 14 декабрь кунги «2020-2025 йилларда китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш миллий дастурини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори асосида 2021 йилдан буён мамлакатимизда ҳар йили апрель ойида «Китобхонлик ҳафталиги» ўтказилиб келинмоқда.

Ҳар йили анъанага айланган мазкур ҳафталик доирасидаги тадбирларга бугун Сурхондарё вилоятида ҳам старт берилди.

Фото: “Халқ сўзи”

Вилоят ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси ташаббуси билан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Сурхондарё вилояти бўлими, Адиб Собир Термизий номли вилоят ахборот-кутубхона маркази ва бошқа манфаатдор ташкилот, муассасалар ҳамкорлигида ташкил этилаётган «Китобхонлик ҳафталиги» жорий йилнинг 22-26 апрель кунларида ўтказилиши режалаштирилган.

«Китобсевар миллат» шиори остида ташкил этилган ҳафталикнинг тантанали очилиш маросимида сўз олганлар кейинги йилларда мамлакатимизда аҳоли ўртасида китобхонликни оммавийлаштириш, мутолаа маданиятини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

Фото: “Халқ сўзи”

— Президентимизнинг 2017 йил 13 сентябрдаги «Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида»ги қарори бу борадаги ишлар самарадорлигини янада оширишга хизмат қилмоқда, — дейди вилоят ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси бошлиғи Захириддин Тўраев. — Сурхондарё вилоятида ҳам мазкур қарорнинг ижроси юзасидан кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, воҳада китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш, китоб сотишга ихтисослашган корхоналарнинг таълим муассасалари, кутубхоналар ва маҳаллаларда янги китоблар тақдимотини ўтказишга алоҳида аҳамият берилмоқда. Ҳафталик доирасида ташкил этиладиган амалий семинарлар, очиқ мулоқотлар, миллий форум ва турли дастурлар кутубхоначилик, ноширлик ҳамда болалар адабиёти йўналишидаги долзарб муаммоларга ечим топишда муҳим аҳамиятга эга.

«Китобхонлик ҳафталиги» мазкур йўналишдаги саъй-ҳаракатларнинг мантиқий давомидир. Ҳафталик давомида «Очиқ эшиклар куни» китоблар кўргазмаси, «Бир фарзандга учта китоб», «Бир ҳафтада бир китоб», «Фарзандимга китоб совға қиламан» акциялари ташкил этилади. Аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида оилавий китоб ўқиш анъанасини йўлга қўйиш мақсадида «Энг яхши китобхон оила», «Энг яхши китобхон устоз», «Энг яхши китобхон ўқувчи» танловлари ўтказилади.

Фото: “Халқ сўзи”

— Мазкур ҳафталикдан кўзланган мақсад аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида китоб ўқишни кенг тарғиб этиш ва китобхонлик маданиятини юксалтиришга қаратилгани билан ҳам аҳамиятлидир, — дейди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Сурхондарё вилояти бўлими раҳбари Менгнор Олломурод. — Ҳафталик доирасида жойларда ўтказиладиган тадбирлар доирасида китоб ярмаркаларининг ҳам ташкил этилиши барча учун фойдали бўлиши шубҳасиз.

Шу куннинг ўзида янги нашр этилган китоблар кўргазмаси ҳам ташкил этилди.

«Китобхонлик ҳафталиги» доирасидаги тадбирлар воҳанинг барча туманларида давом эттирилмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер