Сурхондарёда 19-20 ёшли «оғуфурушлар» узоқ муддатга қамалди

10:41 19 Февраль 2026 Жамият
279 0

Фото: ДХХ

Сурхондарё вилояти катта миқдордаги гиёҳвандлик воситалари билан қўлга олинган наркосавдогарларнинг ҳар бири 15 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, гиёҳвандлик воситалари контрабандаси ва савдосига қарши курашиш доирасида 2025 йилнинг август ойида ДХХ Чегара қўшинлари ва Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси ҳамда вилоят Ички ишлар бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида Узун туманида тезкор тадбир ўтказилган.

Хусусан, 2005 ва 2006 йилларда туғилган 2 нафар маҳаллий фуқаро давлат чегарасини бузган ҳолда, Тожикистондан 20 кг 374 гр «опий» ва 41 кг 668 гр «гашиш» моддаларини олиб келган вақтларида ушланган.

Сўнгра тезкор тадбир давом эттирилиб, уларнинг жиноий шериклари – Узун туманида яшовчи, 2000 ва 2004 йилларда туғилган 2 нафар шахс ҳамда ажал оғусининг буюртмачиси ҳисобланган, Денов шаҳрида истиқомат қилувчи, 2000 йилда туғилган фуқаро ҳам процессуал тартибда қўлга олинган.

Ҳолат юзасидан мазкур шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилган.

Қайд этилишича, Жиноят ишлари бўйича Узун туман судининг ҳукмига асосан, қонунбузарлар тегишлилиги бўйича Жиноят кодексининг 223, 246, 273-моддалари билан айбли деб топилиб, уларнинг ҳар бирига нисбатан 15 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер