Сурхондарёда 1,47 минг тонна кўмир талон-торож қилинди
Фото: Прокуратура департаменти
Сурхондарё вилоятида 1 470 тонна кўмирни талон-торож қилиш ҳолати аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.
Қайд этилишича, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Узун тумани бўлими томонидан тезкор тадбир ўтказилган. Унда фуқаро Ф.М. Эркинлик МФЙ ҳудудидаги нотурар бинода сақлаб келган тегишли ҳужжатлари бўлмаган ҳар бир қопи 20 кг бўлган жами 5 минг қоп кўмирни фуқаро А.А.га 100 млн сўмга сотишга келишиб, ушбу пуллар ҳисобидан 5 минг АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Ўтказилган терговга қадар текширувда «Кўмир таъминот» МЧЖнинг Узун тумани омбори мудири Э.Р. куз-қиш мавсумида туман аҳолиси ва тумандаги ижтимоий соҳа объектларини иситиш учун олиб келинган умумий баҳоси 447,2 млн сўм бўлган жами 1 470 тонна кўмирни қиммат нархларда бошқа шахсларга сотиб юбориб, давлат ва жамият манфаатларига жуда кўп миқдорда зарар етказгани маълум бўлган.
Шунингдек, у 2023 йилнинг сентябрь ойида Ф.М. (тадбир давомида ушланган)га 180 тонна кўмирни 120 млн сўмга сотгани аниқланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг