Сурхондарё вилояти ҳокими сектор раҳбарлари билан Бойсуннинг олис маҳаллалари ҳаётини ўрганди  

11:27 05 Ноябрь 2021 Жамият
770 0

Фото: "Халқ сўзи"

Бойсун туманидаги Хўжаидод қишлоғи Сурхондарё вилояти марказидан 160 км узоқликда жойлашган. Тоғли ҳудуд одамлари ҳаёти билан яқиндан танишиш,  мавжуд  муаммоларини ўрганиш мақсадида вилояти ҳокими Тўра Боболов бошчилигидаги сектор раҳбарлари ушбу қишлоққа ташриф буюрди.

Дастлаб қишлоқ аҳли билан биргаликда ҳудудда экологик вазият ва ҳаво тозалигини яхшилаш мақсадида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилди. Шундан сўнг  2 млрд. 140 млн. сўм маблағ эвазига  қайта қурилган, 50 қатновга мўлжалланган "Қўрғонча" қишлоқ шифокорлик пунктининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Мазкур муассаса Дуоба, Хўжаидод, Деҳиболо ва Ўрмончи маҳаллаларида яшовчи 6 мингдан зиёд аҳолига тиббий хизмат кўрсатади.

«Обод қишлоқ» дастури асосида реконструкция қилинган 18-сонли мактаб биносида яратилган шароитлар ҳам кўздан кечирилди. Мактаб кутубхона фондига янги китоблар жамланмаси тақдим этилди.

Шу куни тоғли ҳудудда истиқомат қилаётган одамлар мурожаатларини ўрганиш мақсадида сайёр қабул уюштирилди.

Маълумотларга кўра,  «Хўжаидод» МФЙда 2021 йилда «Обод қишлоқ» дастури асосида, 14 км ички йўллар таъмирланиб,  ижтимоий соҳа объектларига оптик толали алоқа тармоқлари тортилди. 18-, 44-сонли мактаблар реконструкция қилинди ва 44-сонли мактаб филиали янгидан қурилди. Шунингдек, 2 дона янги трансформатор ўрнатилиб, 6 кмдан зиёд электр симлари янгиланди, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида 15,5 км сув қувурлари ётқизилди.

Сайёр қабулда Дуоба, Хўжаидод, Деҳиболо ва Ўрмончи маҳаллалари фаоллари  ичимлик суви етиб бормаган аҳоли муаммоси, йўл ва кўприк қуриш ҳамда олий таълим муассасаларининг тиббиёт йўналишида таҳсил олиш истагидаги қишлоқ ёшлари учун квота ажратиш каби масалалар юзасидан сектор раҳбарларига мурожаат қилдилар. Фуқароларнинг қатор мурожаатлари тингланиб, аксарияти жойида ҳал этилди.

 

Илҳом РАҲМАТОВ, "Халқ сўзи".

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер