Сунъий интеллект ёрдамида беморлардаги оғриқ даражаси аниқланади

10:04 01 Декабрь 2023 Жамият
167 0

АҚШнинг Калифорния университети олимлари сунъий интеллект ёрдамида беморларда оғриқ даражасини аниқлаш тизимини ишлаб чиқди. Янги технология жарроҳлик операциялари сифати ва самарадорлигини оширишга ёрдам беради.

Инновацион тизим сунъий идрокнинг икки фарқли функциясига таянади. Биринчиси — камералар ёрдамида беморнинг юз ва тана ҳаракатларини визуал тарзда кузатиш имконини беради. Иккинчиси — оғриқни баҳолаш учун олинган маълумотларни таҳлил қилади.

Бунинг учун тадқиқотлар чоғида “ақлли технология” моделига инсонлар юз ифодаси акс этган 143 минг 293 та тасвир киритилди. Ана шу жараёнда ҳар бир юз ифодасига кўра, бемор қандай ва қай даража оғриқ ҳис қилаётгани шарҳи ҳам тизимга юкланди.

Ишлаб чиқилган мазкур алгоритмдан фойдаланиб, сунъий интеллект ҳақиқий инсонлар бошдан кечирадиган оғриқ даражасини 88 фоиз аниқлик билан баҳолашга муваффақ бўлди.

Ҳозир янги технология қўшимча синовдан ўтказиляпти. Тадқиқотчилар фикрича, келгусида шифохоналар палаталарига ушбу технологияни ўрнатиш орқали операциядан кейинги тиббий ёрдам даражасини ошириш мумкин.

Қолаверса, янги инновацион тизим шифокорларга беморни кузатиш учун жарроҳлик амалиётидан чалғимаслик имконини беради.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер