Судьялар қасамёд қабул қилишди

15:19 17 Май 2018 Сиёсат
2442 0
Фото: ptcnews.tv

Кеча Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми мажлиси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти билан келишилган ҳолда, Судьялар олий кенгашининг қарорига мувофиқ, биринчи маротаба лавозимга тайинланган жиноят, фуқаролик, маъмурий ва иқтисодий судлар судьялари қасамёд қабул қилдилар.

Тадбирда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан суд-ҳуқуқ тизимида кенг кўламдаги ислоҳотлар олиб борилаётгани алоҳида таъкидланди. Хусусан, Судьялар олий кенгашининг жорий йил 8 майдаги қарори билан илк бор беш йил муддатга судьялик лавозимига тайинланган 19 нафар судьянинг қасамёд қабул қилиши ушбу саъй-ҳаракатларнинг узвий қисмидир.

— Судьялик қасамёди маросими биз учун бир умр ёдда қоладиган воқеа бўлди, — дейди фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро суди судьяси Дилфуза Дадажонова. — Зеро, бу орқали биз зиммамиздаги вазифаларни ҳалол ҳамда виждонан бажаришни, одил судловни фақат қонун асосида амалга оширишни ва беғараз, холис ҳамда адолатли бўлишни ифода этдик. Албатта, иш фаолиятимиз давомида ана шу қасамёдимизга амал қилиб, одил судловни юзага чиқарамиз, соҳага жорий этилаётган ахборот-коммуникация технологияларидан унумли фойдаланиб, одамлар мушкулини осон қилишга бор куч-ғайратимизни сарфлаймиз.

Мажлис иштирокчилари қасамёд қабул қилган судьялар, уларнинг оила аъзолари ҳамда яқинларини мазкур муҳим воқеа билан табриклар экан, ҳар бир судьянинг бундай юксак ишончни тўла оқлашига, катта фидойилик ва ҳалоллик билан иш кўришига, қонуний ҳамда адолатли қарорлар қабул қилиб, Ватанимиз равнақига муносиб ҳисса қўшишига ишонч билдиришди.

Қасамёд қабул қилган судьяларга гувоҳномалар ҳамда “Судьялар одоб-ахлоқи қоидалари” китоби топширилди.

З. ХОЛТЎРАЕВ.
 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер