Сотувчилар нега харид чекини беришни хоҳламайди?
Қудратилла НАЖМИДДИНОВ/«Халқ сўзи». Бир қоп ун нақдга 220 минг сўм, тўлов терминали орқали бўлса 225 минг сўм. Нега бундай? Дўкон сотувчиси билан ҳар иккисида ҳам тўловда нарх бир хил бўлиши лозимлиги ҳақидаги баҳсимиз натижа бермади, у «Мен унни нақдга олиб келганман», дея безрайиб туриб олди.
Кўпчиликнинг ёдида, бундан неча йиллар аввал банк пластик карталаридан фойдаланиш жорий этилиб, истеъмолчилар билан ҳисоб-китобни замонавий тўлов терминаллари орқали амалга ошириш йўлга қўйилгани аҳолига катта қулайлик туғдирган, савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчаларида бу масала қатъий қилиб қўйилган эди.
Буни қарангки, кейинги пайтларда онлайн назорат касса машинаси ва тўлов терминали мавжуд бўлишига қарамасдан уларни ишлатишни хуш кўрмайдиган сотувчилар учрамоқда. Айниқса, тўловни пластик картадан ечиб олишни у ёки бу баҳона билан рад этиш ҳолатлари кўнгилни хира қилади. Бу тоифадаги сотувчи ва хизмат кўрсатиш ходимлари нима учун нақд пул олишни афзал кўришади? Товар айланмаси шаффофлигини яшириш, солиқдан қочиш учун, шундай эмасми? Қонунбузарлик охир-оқибатда яширин иқтисодиётга йўл очади
Яширин иқтисодиёт, ўзининг табиати бўйича расмий статистикаларда кўрсатилмайдиган ва давлат назоратидан четда қоладиган иқтисодий фаолиятлар йиғиндисидир. Унинг кўлами нафақат солиқ базасининг қисқаришига, балки ижтимоий адолатсизлик ва иқтисодий ноаниқликнинг ортишига ҳам олиб келади.
Ушбу соҳада белгиланган қонун-қоидаларнинг бузилиши яна бир ҳолат — онлайн назорат касса машиналаридан фойдаланиш масаласида ҳам кўзга ташланади. Мисол учун, савдо тармоқларида кўпинча харидимиз учун бериладиган чекни сотувчилар тақдим этмайди ёки ўзимиз талаб қилмаймиз. Ҳолбуки, чекни талаб қилиш – давлат бюджетига солиқлар тушуми ортишига, яширин иқтисодиёт улушининг қисқаришига хизмат қилади. Бу ишга эътиборсизлик даромадини яширишга уринаётган субъектларнинг тегирмонига сув қуйишдан бошқа нарса эмас.
Бугунги кунда савдо ва хизмат кўрсатишнинг ушбу оддий талаблари ижроси қандай назорат қилинмоқда?
— Истеъмолчиларга харид чеки берилмаслик, ана шу каби ҳолатларнинг олдини олиш бўйича «Soliq hamkor» тизими орқали келаётган мурожаатлар асосида соҳа ходимлари томонидан сайёр текширувлар ўтказилмоқда, — дейди Наманган вилояти давлат солиқ бошқармаси бўлим бошлиғи Мухторжон Аҳмедов. — Хусусан, жорий йилда вилоятда ушбу тизим орқали келиб тушган 1074 та мурожаат бўйича тадбиркорлик субъектларида текшириш ўтказилиб, тегишли чоралар қўлланилди. Савол туғилади, нима, ушбу субъектлар мутасаддилари чек беришни рад этиш ёки бермаслик Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 221-моддасига мувофиқ 5 миллион сўм миқдоридаги жарима солинишига сабаб бўлишини билмайди, дейсизми?!
Билишади. У ҳолда Давлатобод туманидаги «Ирвадон» маҳалласида жойлашган «Малоҳат» номли умумий овқатланиш шохобчасида мижозга 26 минг сўмлик харид чеки берилмаганини, кунлик 1 миллион 487 минг сўм нақд пул онлайн назорат касса машинасига кирим қилинмаганини қандай баҳолаш мумкин? Янги Наманган туманидаги «Istanbul food» масъулияти чекланган жамиятга қарашли ошхонада ўтказилган сайёр солиқ текширувида ҳам сотувчи томонидан харидорга 78 минг сўмга чек берилмагани, кунлик савдодан тушган 19 млн. 535 минг сўм нақд пул кирим қилинмагани аниқланди. Мазкур йўналишдаги бошқа ҳолатлар бўйича солиқ идораси ходимлари томонидан белгиланган тартибда маъмурий ҳуқуқбузарлик баённомалари расмийлаштирилган.
Маълумотларга қараганда, бугунги кунда Наманган вилоятида 9 мингдан зиёд тадбиркорлик субъекти онлайн назорат касса машиналаридан фойдаланмоқда. Уларнинг аксарияти тўлов терминаллари билан жиҳозланган.
Хўш, юқорида келтирилган рақамлар озми ёки кўп? Савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари ҳар қадамда учраши ва кун сайин кўпайиб бораётгани ҳисобга олинса саволга жавоб ойдинлашади. Қолаверса, халқимизга қулайлик яратиш учун ўрнатилган ушбу воситалар ҳамиша ва ҳамма жойда тўлиқ ишламоғи лозим. Шунда чек орқали расмийлаштирилмаган харидга ўрин қолмайди, замонавий электрон ҳамён – банк пластик карталари эгалари ҳисоб-китобда асоссиз тўсиқларга дуч келмайди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг