Солиқдан қарздорлик бўйича 496 млрд. сўм ундирилди
Саминжон ҲУСАНОВ/«Халқ сўзи». Мажбурий ижро бюросининг Андижон вилояти бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимлари томонидан солиқ қарздорликларини ундириш борасидаги ижро ҳаракатлари олиб борилмоқда. Натижада мавжуд қарздорликни сўндиришга эришилмоқда.
«Қурилиш экспорт люкс» масъулияти чекланган жамиятининг 11 та ижро ҳужжати бўйича 198,6 млн. сўм солиқ қарзи мавжудлиги сабабли ушбу жамиятга тегишли «Captiva» русумли автомашина хатлаб қўйилди ва электрон онлайн-аукцион савдоларига чиқарилди. Аукцион натижаларига кўра, автомашина 201 млн. сўмга сотилиб, сотувдан тушган пул маблағлари солиқ қарзи учун йўналтирилди.
— Жорий йилнинг ўтган даврида шу тоифадаги 1 трлн. 110 млрд. сўмлик 43 минг 461 та ҳужжатлар келиб тушди, — дейди МИБ Андижон вилояти бошқармаси ходими Ойистахон Абдураҳмонова. — Кўрилган саъй-ҳаракатлар натижасида 38 минг 557 та ижро ҳужжатлари ижроси тамомланиб, 496 млрд. сўмдан иборат қарздорлик ундирилди.
Шунингдек, солиқ қарздорликлари бўйича ундирувлар билан боғлиқ ижро ҳужжатлари бўйича жами 192 та 158 млрд. сўмлик мол-мулклар хатланган. Ҳозирда 53 та 22 млрд. сўмлик мол-мулклар реализация қилиш учун электрон онлайн- аукцион савдоларига чиқарилган.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг