Солиқчилар тадбиркорнинг чўнтагига нега кўз олайтирди?

11:11 14 Октябр 2021 Жамият
776 0

Бухоро туманидаги “Baxriddin Shermuhammad” масъулияти чекланган жамияти масъулларини вилоят давлат солиқ бошқармаси ходимларининг  қонунчиликка зид хатти-ҳаракатлари хавотирга солди.

Солиқ соҳасида ҳуқуқбузарликларга йўл қўймагани учун ҳам ўзларининг  ҳақ эканига қатъий ишонган ишбилармонлар Бухоро вилоят адлия бошқармасига мурожаат қилиб, амалий ёрдам сўради. Мурожаат атрофлича ўрганиб чиқилди. Пировардида тадбиркорлар манфаатини кўзлаб Бухоро туманлараро иқтисодий судига даъво аризаси киритилди. Суднинг тегишли ҳал қилув қарорига асосан вилоят ДСБ орқали бюджетдан ундирилган жами 35 миллион 230 минг сўм маблағ масъулияти чекланган жамиятга қайтарилиши белгиланди.

-Бизга аҳолидан ҳам кўплаб мурожаатлар тушмоқда,- дейди Бухоро вилоят адлия бошқармаси бошлиғи биринчи ўринбосари Анвар Рўзиев вазирликнинг “Очиқ адлия” ( “Open Justice”) дастури доирасида ўтказилган матбуот анжуманида. – Мана, бир мисол. Бухоро шаҳрида яшовчи А. Ҳайдаровдан “Иссиқлик манбаи” ДУК томонидан асоссиз қарздорлик ҳисоблангани тўғрисидаги мурожаати келиб тушди. Ўрганишлар натижасида унга 11 миллион сўм нореал қарздорлик ҳисоблангани аниқланди. Даъво аризаси киритилгач, суднинг тегишли қарори билан бу қарздорлик бекор қилинди. Умуман, бошқармамизга шу йилнинг 9 ойи давомида жами 3 минг 426 та ариза ва шикоят келиб тушган. Мурожаатларнинг 70 фоизи қаноатлантирилди. 710 тасига ҳуқуқий тушунтириш берилди. 160 та мурожаат ваколат доирасида кўриб чиқиб, ҳал этиш мақсадида тегишли идора ва ташкилотларга юборилди.

 

Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер