Соҳир туйғулар куйчиси 80 ёшда

21:49 14 Сентябр 2023 Жамият
497 0

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Шер таваллудининг 80 йиллигига бағишланган “Жоним каби севдим Ватанни!» номли маънавий-маърифий кеча бўлиб ўтди.

Кечада ёзувчи-шоирлар, ижодкорнинг мухлислари, оила аъзо ва яқин дўстлари, талаба ёшлар иштирок этишди.

Тадбирни Ўзбекистон халқ шоири, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид олиб борди. Кеча давомида Ўзбекистон халқ шоири Маҳмуд Тоир, Ўзбекистон халқ ёзувчи Муҳаммад Али, адабиётшунос олимлар Сувон Мели, Баҳодир Карим, Қозоқбой Йўлдошевлар сўзга чиқиб Абдулла Шеърнинг босиб ўтган ҳаёт йўли, ижоди борасида гапиришди.

Дарҳақиқат, Абдулла Шер ўзининг оташин шеърлари, бир-биридан гўзал достонлари, таржималари билан ўзбек адабиётига катта улуш қўшган ижодкорлардан бири, десак муболаға эмас. Шоир бугун саксон ёшга тўлди, саксон довондан ошди, саксон баҳору кузни ўз умрининг дафтарига, инсонлар қалбига сўз воситасида гоҳида маҳзун, гоҳида масрур битиклар билан муҳрлаб қўйди. Истиқлолимиз арафасида шоирга Ўзбекистон халқ шоири унвони берилиши Абдулла Шеър босиб ўтган йўлнинг, ўтказган умрнинг, сўз ишқидаги ҳар бедор кечанинг муносиб баҳоси бўлди.

— Чинакам шоир одамнинг кўнглини бутун қилади, — деди адабиётшунос олим Қозоқбой Йўлдошев. — Абдулла Шер ўз битиклари билан одамларга гўзаллик, адолат, ҳақиқатни, бахтли ва сурурли туйғуларни ҳадя этадиган ижодкордир. Унинг шеърлари китобхонни гўзалликни ахтаришга ундайди. Абдулла ака йўқ жойдан бир дунё гўзаллик топа олади.

Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Шер ижодига бағишланган адабий анжуманлар Тошкент вилоятида, мамлакатимиздаги олий ўқув юртларида, мактабларда, кутубхоналарда давом этади.

Раҳматжон БОБОЖОНОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер