Соҳир қалам мўъжизаси

11:09 10 Февраль 2024 Жамият
396 0

Кеча Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейида Республика “Ҳунарманд” уюшмаси билан ҳамкорликда “Соҳир қалам мўъжизаси” IV Республика хаттотлик ва миниатюра асарлари кўргазмаси бўлиб ўтди.

Унда мамлакатимиз ҳудудларидан ўттиз нафардан зиёд хаттотлик ва миниатюра йўналишида фаолият олиб бораётган ҳунармандларнинг 150 дан ортиқ ижодий ишлари намойиш этилди.

Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда Республика “Ҳунарманд” уюшмаси аъзолари 26 минг нафарни, шогирдлар сони 90 минг 785 нафарни ташкил этса, ҳунармандчиликнинг миниатюра ва хаттотлик йўналишида 274 нафар уста ҳунарманд фаолият олиб бормоқда. Ҳунармандчилик йўналишларини сақлаб қолиш ва ривожлантириш ҳамда келгуси авлодларга етказиш мақсадида қўшимча 9 та фаолият рўйхатга қўшилди. Ана шу йўналишлардан бири хаттотлик йўналишидир.

Давлатимиз раҳбарининг тегишли Фармонига кўра, ҳунармандчилик фаолиятининг йўналишлари амалдаги 34 тадан 43 тага кўпайтирилди.

Маълумки, хаттотлик санъатига бағишланган кўплаб рисолалар ўн хил асосий хат услублари (насх, куфий, муҳаққақ, настаълиқ, сулс, тавқе, таълиқ, девоний, риқо, риқъий) мавжудлиги ҳақида дарак беради. Ўрта Осиёда араб ёзувлари тарқалгунига қадар турли ёзув усуллари бўлган қадимий ёзувлардан бўлган куфий ёзуви кўпгина меъморий ва бошқа ёдгорлик обидаларининг безагида сақланиб қолган.

Бу ҳали ҳаммаси эмас. Хаттотлик ҳозирги кунда Тошкент давлат шарқшунослик институти, Тошкент ислом университети, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида ўргатилади.

Мазкур кўргазманинг ташкил этилишидан мақсад юртимизга ташриф буюрувчи сайёҳларга миллий ҳунармандчилигимиз ҳақида маълумот бериш, тарғиб қилиш, ёшларни ҳунарга ўргатишдан иборатдир.

Шоҳсанам ЙЎЛДОШЕВА,

ЎзДЖТУ Халқаро журналистика факультети 2-босқич талабаси.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер