“Соҳибқирон” ёзги болалар оромгоҳида 1000 нафар ўғил-қиз соғломлаштирилади
Фото: “Халқ сўзи”
Шу кунларида Яккабоғ туманининг сўлим Кенгузар қишлоғида жойлашган “Таллимаржон ИЭС” акциядорлик жамияти тасарруфидаги “Соҳибқирон” болалар оромгоҳи ўқувчи-ёшлар билан гавжум.
— Ушбу оромгоҳда мавсум давомида корхонамиз ишчи-ходимлари ҳамда Нишон туманидаги кам таъминланган оилаларнинг фарзандларидан иборат 1000 нафар болажонлар ҳордиқ чиқариши режалаштирилган, — дейди “Таллимаржон ИЭС” АЖ матбуот хизмати раҳбари Элёр Дархонов. — Сўлим масканда болажонларнинг мириқиб дам олиши, спорт билан шуғулланиши ҳамда ўз истеъдод ва қобилиятларини намойиш этиши учун барча шарт-шароитлар яратилган.
Айни пайтда оромгоҳда рассомчилик ва хорижий тиллар тўгараклари фаолият кўрсатмоқда. Шунингдек, тасдиқланган режа-жадвали асосида спорт мусобақалари, китобхонлик, мушоира кечалари ўтказиб келинаётир. Кўнгилочар шоулар, концерт дастурлари, қўғирчоқ театри ва цирк томошалари ҳам болажонларга қувонч бахш этяпти.
— Оромгоҳда вақтимиз жуда мазмунли ўтмоқда, — дейди дам олувчи Нурсаид Менглимаматов. — Турли қизиқарли тадбирлардан асло зерикмайсиз. Қолаверса, жамоадошларим билан бирга кўплаб мусобақаларда қатнашиб, фахрли ўринларни эгалладик.
Таъкидлаш ўринлики, жорий йилда Қашқадарё вилоятидаги 16 та ёзги болалар оромгоҳларида 21 минг 440 нафар ўғил-қизни соғломлаштириш кўзда тутилган.
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг