Соғлиқни сақлаш тизимида рақамлаштириш жараёнлари қандай?
Фото: Юнус Бўриев / “Халқ сўзи”
Олий Мажлис Сенатининг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси мажлисида Бухоро вилоятида “Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида соғлиқни сақлаш соҳасида рақамлаштириш бўйича олиб борилаётган ишлар самарадорлиги юзасидан ўтказилган ўрганиш натижалари кўриб чиқилди.
Қўмитанинг вазирлик ва идоралар мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳи жорий йилнинг 21-23 сентябрь куни Бухоро вилоятида бўлиб, жойларда “Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегиясини татбиқ қилиш ҳолатини бевосита ўрганди.

“Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегияси Ўзбекситон Республикаси Президентининг 2020 йил 5 октябрдаги ПФ-6079–сонли Фармони билан тасдиқланган. Фармон билан 2020-2022 йилларда ҳудудларни ва тармоқларни трансформация қилиш дастурлари ҳамда рақамли трансформация қилиш лойиҳаларини кўзда тутувчи 29 та намунавий туманлар (шаҳарлар) “йўл харита”лари қабул қилинган.
Таъкидланишича, ўрганиш натижаларига кўра вилоятдаги давлат тиббиёт муассасаларининг 252 тасида оптик толали алоқа линиялари орқали Интернет тармоғидан фойдаланиш имконияти яратилган. Шунингдек, ўрганилган Вобкент, Ғиждувон ва Қоракўл туманлари ҳамда Когон шаҳарларининг тиббиёт муассасаларида зарур техник мосламалар харид қилиниши ва жойлаштирилиши таъминланган.

Шу билан бирга, ҳудудий бошқармалар, шаҳар ва туман бўлинмаларида фойдаланиб келинаётган “Муассасалар паспорти” ахборот тизими жорий қилинган бўлиб, унда 2 948 та тиббиёт муассасиси тўғрисидаги маълумотлар мавжуд. Шу каби йирик қамровга мўлжалланган “Электрон поликлиника” ахборот тизими ишга туширилган. Лекин режалаштирилган 2 186 та тиббиёт муассаларидан 1 188 тасига ушбу тизим ўрнатилган.
Ўз ўрнида, мажлисда Стратегиядаги айрим вазифалар ижроси суст олиб борилаётганлиги танқид қилинди. Хусусан, ишга туширилиши лозим бўлган “Ягона электрон тиббий карта”, “Ягона тез тиббий ёрдам” ва “Электрон рецепт” ахборот тизимлари йўлга қўйилмаган. Баъзи ҳолатларда республика даражасида жорий қилинган ахборот тизимларидан қуйи бўғимларда яратилган шароитларга қарамасдан улардан умуман фойдаланмай келинмоқда.
Шунингдек, соғлиқни сақлаш тизимида ходимларни замонавий ахборот технологияларидан фойдаланиш бўйича ўқитиш, билим ва кўникмаларини ошириш ҳамда ахборот технологиялари соҳасида тегишли сертификатларга эга ходимлар улушини кўпайтириш борасида жиддий камчиликларга йўл қўйилмоқда.
Мажлисда юқорида кўрсатиб ўтилган масалалар бўйича мутасадди вазирлик ва идоралар раҳбарларининг ахборотлари эшитилди.
Якунда Қўмита Қарори қабул қилиниб, аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича Соғлиқни сақлаш вазирлигига тегишли кўрсатмалар берилди.

“Халқ сўзи”,
Фото: Юнус Бўриев / “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг