Соғлиқни сақлаш, Қишлоқ хўжалиги, Экология, Бандлик вазирликларида рақамлаштириш ишлари суст кетаётгани танқид қилинди

17:44 20 Декабрь 2023 Сиёсат
441 0

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида IT инфратузилмасини яхшилаш, соҳа ва тармоқларни рақамлаштириш юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Мажлисда бюджетдан катта маблағ олувчи вазирликларда рақамлаштириш ҳаёт-мамот масаласи бўлиши зарурлиги таъкидланди. Лекин, Соғлиқни сақлаш, Қишлоқ хўжалиги, Экология, Бандлик вазирликлари, карантин ва ветеринария идораларида рақамлаштириш ишлари суст кетаётгани танқид қилинди.

“Рақамли соғлиқни сақлаш” лойиҳасини амалга ошириш, Онкологик беморларнинг электрон реестрини тузиш, дала ва боғларда пестицидлар cавдоси ва қўлланилиши бўйича рақамли назорат тизимини жорий қилиш, газ ва бензин қуйиш шохобчаларида, Жамоат ишлари ва Бандлик жамғармалари харажатлари бўйича онлайн назоратни йўлга қўйишдаги оқсоқликлар кўрсатиб ўтилди.

Адлия ва Ташқи ишлар вазирликларида ҳужжатларга апостил қўйиш жараёнини рақамлаштириш зарурлиги қайд этилди.

Геология, Ички ишлар вазирликлари, Божхона қўмитаси ҳамда Андижон, Наманган, Самарқанд, Сурхондарё вилоятлари ва Тошкент шаҳри ҳокимликларида ягона электрон ҳужжат айланиш тизими ишга тушмаган.

Тошкент шаҳрида аҳоли томонидан ижобий қабул қилинган “Халқ назорати” тизимини янада такомиллаштириш кераклиги таъкидланди. Барча вазирлик, қўмита ва ҳудуд раҳбарлари жиддий хулоса қилиб, оқсаётган лойиҳаларни якунлаши шартлиги ҳақида огоҳлантирилди.

Шу билан бирга, ҳозирда вазирликларнинг 50 дан ортиқ хизматлари Ягона давлат хизматлари порталига уланмаган.

Масалан, солиқ декларациясини жўнатиш ва кешбек олиш, қуёш панелини тизимга улаш ва унга субсидия олиш, транспорт тўлов картасини харид қилиш каби хизматлардан фақат идоравий сайтлар орқали фойдаланиш мумкин.

Барча раҳбарларга уч ойда ўз тизимидаги давлат хизматларини ягона портал орқали кўрсатишни йўлга қўйиш топширилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер