Собиқ уй-жой коммунал хўжалиги вазири Музаффар Салиев 7 йилга қамалди
Тармоқларда 2017 йилдан 2021 йилгача уй-жой коммунал хўжалиги вазири, 2021 йилдан 2023 йилгача Нурафшон шаҳар ҳокими лавозимида ишлаган Музаффар Салиев қамалди. Бу ҳақда «Халқ сўзи»га Тошкент шаҳар судлари матбуот котиби Зокир Қўзибоев маълум қилди.
Суд ҳукмида келтирилишича, у Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) «а» ва «в» бандлари, 209-модда (мансаб сохтакорлиги) 2-қисмининг «а», «б» бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилган.
Музаффар Салиев 3 йил мансабдор ва моддий жавобгар шахс лавозимида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ва узил-кесил 7 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган. Жазони умумий тартибли колонияларда ўтаттириш, шунингдек, 63 млрд сўмдан ортиқ маблағни давлат фойдасига солидар тартибда ундириш белгиланган.
Қайд этилишича, собиқ вазир номига расмийлаштирилган «Lada Pickup» ва «Tracker» автомобиллари, иккита хонадон, битта ҳовли, 14,6 минг долларлик маблағи етказилган зарарни қоплашга қаратилади.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг