Собиқ бош вазир ва унинг турмуш ўртоғи фирибгарликда айбдор деб топилди

16:17 30 Июнь 2020 Дунё
956 0

Франциянинг собиқ бош вазири, 2017 йилги президент сайловларида «Республикачилар» партиясидан номзод сифатида иштирок этган Франсуа Фийон ва унинг турмуш ўртоғи фирибгарлик қилишда айбдор деб топилди. Бу ҳақда Евроньюс хабар берди.

Уларга беш йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Шундан камида икки йилини қамоқхонада ўтказишлари керак.

— Шубҳасиз, бу адолатсиз қарор ва биз шикоят ҳам қилишга улгурдик, — дейди адвокат Антони Леви. — Янги суд жараёни бўлиб ўтади. У бизда 2017 йилдаёқ пайдо бўлган шубҳа-гумонларимиз охирги пайтларда ўз тасдиғини топаётгани учун ҳам муҳимдир. Бу суриштирув учун сабаб бўлган мавҳум шароитлар ва у олиб борилган ҳамда бизни ҳайрон қолдирган шароитларга ҳам тааллуқлидир.

Аслида ушбу машмаша 2017 йил сайлов кампанияси авж палласига чиққанда бошланган эди. Бунга Le Canard enchaîné газетасида чиққан мақола сабаб бўлганди. Унда собиқ бош вазирнинг турмуш ўртоғи Пенелопа унинг парламентдаги ёрдамчиси сифатида ойлик иш ҳақи олиб юргани, аммо шу давр мобайнида бирор марта ишга бормагани ҳақида ҳикоя қилинади. Можаро эса «Пенелопа-гейт» номини олди.

Шу пайтда Фийон президентлик пойгасида етакчилик қилаётган эди. Аммо ушбу ҳолат унинг рейтингига жиддий таъсир қилди ва якунда учинчи ўринни олишига сабаб бўлди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер