Сиёб ариғи бўйида кўркам сайёҳлик маскани барпо этилмоқда
Фото: “Халқ сўзи”
Аввал хабар берганимиздек, Самарқанд шаҳридан оқиб ўтган Оби Раҳмат ва Сиёб ариқларининг атрофи тозаланиб, ҳудудда маҳаллий аҳоли ва сайёҳларга мароқли ҳордиқ чиқаришлари учун шароит яратилмоқда. Бу ишлар вилоят ҳокими таклифига кўра, бир гуруҳ тадбиркорларнинг ташаббуси билан амалга ошириляпти.
Мана икки ойдан буён тадбиркорлар ўз маблағлари ҳисобидан Халқаро туризм марказидан бошланувчи 18 километрлик Сиёб ариғининг икки томонида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини олиб бормоқда.

Жумладан, Оби Раҳмат, Хўжа Дониёр маҳалласи аҳолиси, шунингдек, “SFX” қурилиш корхонасининг 100 га яқин ишчилари Хўжа Дониёр мажмуасидан академик Воҳид Абдуллаев кўчасигача бўлган 2 километрлик ҳудудни тозалаб, ариқнинг икки томонидан 4 метрлик вело ва пиёдалар йўлаклари қуриш ишларини якунлашди.
Мажмуа атрофидаги 400 метрлик девор-тўсиқ олиб ташланди. “Яшил макон” лойиҳаси асосида бутасимон ва манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилади.

— Тадбиркорларнинг ташаббус билан чиқиши барчага, жумладан, Хўжа Дониёр маҳалласи аҳлига ҳам маъқул келди, — дейди Хўжа Дониёр мажмуаси директори Зафар Маҳмудов. — Тўсиқлар борлиги туфайли кўпчилик сайёҳлар мақбарани тополмай, адашиб ўтиб кетарди. Девор олиб ташлангач, маҳалла аҳли ҳам ўз хонадонларининг ташқи кўринишига эътибор бермоқда. Бир нечта уй-меҳмонхоналар очиляпти.
Ҳашар йўли билан ободонлаштирилаётган ҳудуддан 300 тонна атрофида маиший чиқинди ташиб кетилди. Айни вақтда қурувчилар ариқ бўйларига чим ётқизиб, дарахт кўчатлари ўтқазмоқда.
— Икки километр масофага суғориш тармоқлари тортилиб, 90 та тунги чироқ, 50 та ўриндиқ ва темир панжаралар ўрнатилди, — дейди “SFX” МЧЖ иш бошқарувчиси Шерзод Алиев. — Йўлакларда 1,5 минг куб темир-бетон ишлари бажарилди. Қурилиш ишларига халақит бермаслиги учун ер остидан ўтган 700 метр масофадаги табиий газ тармоқлари ер устига олинди. Шунингдек, икки қирғоқни бир-бири билан боғлаб турадиган 3 та кўприк қурилади.
Ободонлаштириш ишлари жараёнида Оби Раҳмат маҳалласидаги бирорта хонадон бузилмади. Фақат ноқулай жойлашган қўшимча бино ва деворлар баландроқ кўтарилиб, атрофи обод қилинди.

— Арча, мажнунтол каби дарахт кўчатлари ўтқазиб, чим ётқиздик, — дейди корхона ишчиси Ҳасан Саймеров. — Ариқнинг тубигача тозалаб чиқдик. Ёпилиб кетган булоқ кўзлари ҳам қайта очилди шекилли, эндиликда илгаригидек оқова эмас, балки тиниқ сув оқа бошлади.
Бу ерда ободонлаштириладиган ҳудуд Самарқанд туманининг Қўштамғали маҳалласидан бошланиб, Қайнама маҳалласигача бўлган масофани ўз ичига олади. Келгусида лойиҳаларга кўра, коллекторнинг икки қирғоғида енгил конструкциялар асосида дам олиш масканлари, боғлар барпо этилади, миллий таомлар ошхонаси ва ҳунармандчилик устахоналари жойлаштирилади. Коллектор ёқалаб 4 та асосий кўчаларда пиёдалар йўлаги қилинади. Шундан кейин аҳолининг катта кўчани кесиб ўтмаслиги учун 4 та тоннель ҳам қурилади.
Мана шундай хайрли ишлар натижасида Самарқанд шаҳридан оқиб ўтувчи, бир пайтлар чиқинди босиб ётадиган канал ва коллекторлар тозаланиб, улардан зилол сув оқа бошлади. Атрофи обод масканга айланяпти.
Бироқ кейинги пайтларда аҳоли томонидан каналларга яна чиқинди ташлаш ва канализация қувурларини йўналтириб қўйиш ҳолатлари кузатиляпти. Шу ўринда айтиш керакки, фуқароларимизнинг сувга бўлган муносабати ўзгармас экан, қилинаётган меҳнат самарасиз бўлиб қолаверади.
Абдулазиз Йўлдошев, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг