Сирдарёдаги мактабгача таълим ташкилотларида корейс тили ҳам ўргатилмоқда

12:01 13 Июль 2022 Жамият
797 0

Фото: Халқ сўзи

Сирдарё вилоятидаги 5 та давлат-хусусий шериклиги асосидаги мактабгача таълим ташкилотида корейс тили ўқитилмоқда. Машғулотларни Пучон университетининг қалдирғоч битирувчилари олиб бораётир.

— Маълумки, 4-6 ёшли болаларнинг мияси сўзларни тез қабул қилиш ва узоқ вақт сақлаб қолиш хусусиятга эга. Айни шу ёшда тил ўрганиши, ўзлаштириши анча осон бўлади. Кичкинтойларга корейс тилини ўргатиш асносида бунга яна бир бор ишонч ҳосил қиляпмиз, — дейди Пучон университети битирувчиси Саодат Аҳмедова.

Вилоятда 865 та боғча мавжуд бўлиб, 195 таси давлат, 670 таси нодавлат МТТ ҳисобланади. Уларнинг барчасида инглиз ва рус тиллари машғулотлари мунтазам олиб борилаётир. Айрим боғчаларда алоҳида инглиз тили гуруҳлари ҳам ташкил этилган. Ушбу гуруҳларда кун давомида саломлашишдан тортиб, барча мулоқотларда фақат инглиз тилидан фойдаланилади. Хусусан, Гулистон шаҳридаги «Қувонч» МТТда худди шундай 2 та гуруҳ бор.

Маълумот ўрнида, Сирдарё вилояти мактабгача ёшдаги болаларни МТТга қамраб олиш бўйича мамлакатимиз миқёсида юқори ўриндаги ҳудудлар сирасига киради. Дейлик, 2019 йилда жами 68 минг 153 нафар боладан 31 минг 261 таси, яъни 45,8 фоизи боғчаларга қамраб олинган бўлса, бу йил мазкур кўрсаткич 52 минг 713 нафарга кўпайди. Айни пайтда боғча ёшидаги болаларнинг 77,3 фоизи МТТга қатнамоқда.

Севинч АНВАРБEКОВА, ЎзЖОКУ талабаси.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер