Сирдарёда судья 3,6 минг доллар пора билан ушланди
Иллюстратив фото
Сирдарё вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судьяси 3,6 минг доллар пора билан қўлга олинди. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби Азиз Абидов хабар берди.
Маълум қилинишича, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Сирдарё вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судьяси Э.С. ўз иш юритувидаги иқтисодий ишни кассация инстанциясида Гулистон шаҳрида фаолият юритувчи МЧЖ фойдасига ҳал қилиш эвазига 3 600 АҚШ доллари олганликда гумонланиб, ашёвий далил билан ушланган.
Таъкидланишича, Олий суд томонидан суд органларида коррупцияга қарши курашиш, тизимни бундай кадрлардан тозалаш борасида барча зарур саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда.
«Бунда энг аввало, судья ва ходимлар ўртасида ножўя ва номуносиб хатти-ҳаракатларнинг олдини олиш, шу билан бирга коррупцияга йўл қўйган судья ва ходимларни аниқлаш ҳамда уларга нисбатан қатъий чоралар кўришга эътибор қаратилмоқда», деб ёзади Азиз Абидов.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг