Сирдарёда иккита танлов якунланди. Ғолиблардан ташқари 100 нафардан зиёд ижодкорлар ҳам пул билан тақдирланди

18:45 20 Март 2021 Маданият
1275 0

Гулистон шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 30 йиллиги олдидан  ҳамда «Наврўз» умумхалқ байрами муносабати билан Сирдарё вилояти ҳокимининг фармойишига асосан эълон қилинган вилоят ижодкорлари ўртасида «Дунёларга танитамиз, Сирдарёни!», «Сир ва мўйқалам сеҳри» номли ижодий танловлар ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

«Дунёларга танитамиз, Сирдарёни!» танловига 65 нафар ижодкор ўзларининг сўнгги 3 йилда ёзган бадиий ижод намуналарини тақдим этди. Танлов якунига кўра уларнинг 9 нафари 3 та йўналиш – назм, наср ва публицистика бўйича ғолиб деб топилди.

Шу йил 17 март куни эса  Алишер Навоий номидаги вилоят  ахборот-кутубхона марказининг кўргазмалар залида «Сир ва мўйқалам сеҳри» очиқ танлови ҳам  бўлиб ўтди. Унда пойтахтлик таниқли рассомлардан иборат ҳакамлар ҳайъати 3 кун давомида иш олиб бориб,  257 нафар рассом ишидан энг  юксак истеъдод билан чизилган расмларни танлаб олди ва уларнинг 11 нафари юқори ўрин эгаси  бўлди. Эътиборлиси яна 57 нафар ёш мусаввир ҳам ғолиб деб топилди ва уларга  пул мукофотлари берилди. Бу ҳали ҳаммаси эмас.

Гап шундаки, турли ижодий  йўналишларда намуна ва фаоллик кўрсатаётган яна 55 нафар  ижодкор 2 миллион сўмдан  пул мукофоти билан рағбатлантирилди.

Тақдирлаш тантанасида вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаев қатнашди ва барча ижодкорларни Наврўз байрами билан табриклади.

Шунингдек унда туман ва шаҳар ҳокимлари ҳам иштирок этди.

Аҳмадали ШEРНАЗАРОВ

«Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер