Сирдарё соҳилларида экотуризм манзиллари кўпаймоқда
Сирдарё дарёсининг Сирдарё, Сайхунобод ва Гулистон туманлари ҳудудларидан ўтган қисмининг узунлиги 140 километрни ташкил қилади. Сўнгги йилларда дарёнинг айни соҳилларида экотуризм манзиллари кўпаймоқда.
Хусусан, Сирдарё туманининг Камолот, Гулистон туманининг Аҳиллик ва Соҳилобод, Сайхунобод туманининг Ўрикзор маҳаллаларида экотуризм лойиҳаларининг биринчи босқич ишлари амалга оширилди.

— Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 6 мартдаги «Сирдарё вилоятида ишбилармонлик муҳити, инфратузилма ва аҳоли турмуш даражасини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисидаги» қарори ижроси доирасида Сирдарё дарёси бўйларида туризмни ривожлантиришга бўлган эътибор ҳам янада кучайди, — дейди Сирдарё вилояти туризм бошқармаси бош мутахассиси Ўткир Умурзаков. — Жумладан, Сирдарё соҳилларида янги-янги экотуризм манзиллари пайдо бўлмоқда. Ушбу масканларда барча шароитлар яратилган. Хусусан, дарёнинг Гулистон туманидан оқиб ўтган қисмида ташкил этилган ана шундай масканда саёҳатчилар капсула уйларга жойлашиб, дарё бўйида бир неча кун дам олишлари ва қайиқларда сайр қилишлари мумкин. Шу тумандаги Соҳилобод маҳалласи негизида эса вилоятда биринчи «Туризм қишлоғи» ташкил этиш белгиланган.
Эътиборлиси, жорий йилда Сирдарё вилоятига келадиган хорижий сайёҳлар сонини 100 минг нафарга етказиш ва «Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!» дастури доирасида 530 минг ички сайёҳларнинг сафарларини амалга ошириш мўлжалланган. Шунингдек, жами 10 та меҳмонхона, меҳмон уйлари, хостеллар ва бошқа жойлаштириш масканлари фаолияти ҳам йўлга қўйилади.
Аҳмадали ШEРНАЗАРОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг