Сингапур ўзининг турли соҳаларни ривожлантириш бўйича эришган тажриба ва муваффақиятларини Ўзбекистон билан баҳам кўришга тайёр — Элчи Зулкифли бин Баҳарудин

19:25 16 Январь 2023 Сиёсат
1222 0

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Сингапурга давлат ташрифи муносабати билан Сингапурдаги “Sun Media Pte. Ltd” ноширлик уйи билан ҳамкорликда Сингапурнинг мамлакатимиздаги элчиси (қароргоҳи Сингапурда) Зулкифли бин Баҳарудин билан суҳбат уюштирилди.

— Сиз қатор йиллар давомида Сингапурнинг Ўзбекистондаги элчиси сифатида ишлаб келяпсиз. Дипломатик фаолиятингиз давомида Ўзбекистон ҳаётида рўй берган қандай ўзгаришларга гувоҳ бўлдингиз?
— Ўзбекистонни ёш, изчил ривожланиб келаётган давлат сифатида биламиз. Ўзбекистон буюк маданият, ўз олдига қўйган мақсадлари йўлида қатъий ва собитқадам халққа эга бўлган мамлакат. Республикада урф-одатлар, дин-эътиқод ҳамда маънавий қадриятларга юксак ҳурмат билан муносабатда бўлишади ва, менимча, бу фазилатларни биз цингапурликлар яхши тушунамиз ва қабул қиламиз. Ўзбекистондан кўп нарсаларни ўрганишимиз мумкин, шунингдек, ўзаро баҳам кўришимиз мумкин бўлган уйғунликлар ҳам мавжуд.

Ўзбекистон, айниқса, сўнгги йиллар давомидаги кенг кўламли ислоҳотлар натижасида янада жадал ривожланиш йўлига тушди.

— Сингапур Ўзбекистон тараққиётига қандай ҳисса қўшиши мумкин, деб ўйлайсиз?
— Ўзаро ҳамкорлик ҳақида гапирганда, бир жиҳатни эътиборсиз қолдира олмаймиз: ушбу алоқалар кучли сиёсий иродага эга бўлган муносабатларга асосланган. Сиёсий хайрихоҳлик иқтисодий имкониятларга ва иқтисодий имкониятлар эса оддий одамлар ўртасидаги англашув муносабатларига айланмоғи лозим. Ишончим комилки, ҳар икки мамлакат компаниялари вакилларида ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича интилиш катта. Сингапур ўзининг турли соҳаларни ривожлантириш бўйича эришган тажриба ва муваффақиятларини Ўзбекистон билан баҳам кўришга тайёрдир. Умуман олганда, Сингапур Ўзбекистон учун жуда муҳим хаб, деб ҳисоблайман.

— Ҳозирги пайтда Ўзбекистонда Сингапур компаниялари қандай фаолият кўрсатмоқда? Келгусидаги ўзаро ҳамкорлик йўналишларини қандай тасаввур қиласиз?
— Сингапурнинг таълим, қишлоқ хўжалиги, кимё, нефтни қайта ишлаш ва бошқа соҳалардаги  қатор компаниялари сон жиҳатдан кам бўлсада, улар ўзаро ҳамкорликда муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда, деб ўйлайман. Ушбу компанияларнинг муваффақияти бошқа кўплаб компанияларнинг фаолиятига йўл очмоқда.

Келгусида бир қанча устувор йўналишлар бўйича ҳамкорлик кўламларини кенгайтириш муҳим, деб ҳисоблайман. Сингапурда кўп йиллар давомида «электрон ҳукумат» тизими муваффақиятли фаолият юритмоқда ва, менимча, дунёдаги барча ҳукуматлар мамлакатни бошқаришда замонавий илғор технологиялардан самарали фойдаланиш йўлларини топишга ҳаракат қилмоқда. Шу боис ҳар икки давлат ҳукуматлари учун бу йўналишда алоқаларни мустаҳкамлашда яхши имкониятлар мавжуд.

 Ҳамкорликнинг яна бир йўналиши — халқларимизнинг ўзаро алоқаларини кенгайтиришдир. Сингапурликлар Самарқанд, Бухоро ва Хива каби шаҳарларга саёҳат қилишни хоҳлайди. Бу шаҳарлар Ўзбекистоннинг тарихи, маданиятини ўрганиш, билиш ва чуқур англаш учун жуда яхши тажриба бўла олади.

Яна бир муҳим соҳа — бизнес йўналиши. Яъни тадбиркорлар учун Ўзбекистон изчил ривожланаётган давлат сифатида иқтисодий ҳамкорликка очиқ мамлакатдир. Тизимли ва кенг кўламли ислоҳотларнинг амалга оширилаётгани мамлакатда фаолият олиб бораётган Сингапур компаниялари учун янада юксалиш имкониятларини тақдим этмоқда.

— Ўзбекистон компанияларининг Сингапур бозорига кириши билан боғлиқ ҳолат ҳақидаги фикрларингиз билан ўртоқлашсангиз...
— Ўзбекистон ва Сингапур тадбиркорлари ўртасида ўзаро боғлиқлик мавжудки, бу, ўз ўрнида, уларнинг фаолиятини Сингапурда ташкил қилишга ёрдам беради. Шу билан бирга, биз ўртадаги масофани ҳам ҳисобга олишимиз керак. Шундай экан, кўп ҳолларда бу омилни ҳисобга олиб тадбиркорларнинг ўзлари қарор қабул қилади. Сингапур ҳукумати эса доимо Ўзбекистон ишбилармон доиралари вакилларини рағбатлантириш, кўмак кўрсатиш ва улар билан ҳамкорлик қилишдан мамнун.

— Сингапур Ўзбекистон Президентининг ташрифидан нималарни кутаётгани ҳақидаги фикрларингизни билишни истардик...
— Аввало шуни айтишим жоизки, Ўзбекистон ва Сингапур ўртасида узоқ йиллик дўстлик муносабатлари мавжуд. Бугун бутун дунё Ўзбекистоннинг юксак тараққиётга эришаётганига гувоҳ бўлмоқда. Айниқса, бу Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан сўнгги йилларда амалга оширилган ислоҳотлар натижаларида яққол кўзга ташланмоқда. Кутилаётган ташриф айнан шундай бир босқичда ташкил этилмоқда. Бу ташриф цингапурликлар учун Ўзбекистондаги тараққиёт жараёнлари, эришилган натижа ва  имкониятлар ҳақида кенгроқ билиш имконияти ҳамдир. Бу нафақат сиёсий ва иқтисодий жараёнда, балки халқларимизнинг ўзаро англашуви ва борди-келдилари учун ҳам фаол йўл очади.

Ҳар икки давлат раҳбарлари ўзаро дўстлик ва ҳамкорлик алоқалари ривожига жиддий эътибор қаратмоқда. Биз Ўзбекистон Президентининг Сингапурга ташрифи келажакда икки мамлакатнинг янада яқин ҳамкорлиги учун янги босқични бошлаб беради, деб ишонамиз.
“Dunyo” AA/Singapur.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер