Сифатли таълим: Ўзбекистон ва Франциянинг умумий мақсади

15:14 24 Март 2025 Жамият
303 0

Ўзбекистон — Франция муносабатлари нафақат сиёсий, иқтисодий, маданий, балки илм-фан ва таълим соҳасида ҳам ривожланиб бораётгани эътирофга молик. Икки мамлакат олий таълим муассасаларининг ҳамкорлиги ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга ошириш, тажриба алмашиш ва мутахассислар тайёрлашга қаратилган. Бу, ўз навбатида, турли соҳалар бўйича таълим йўналишидаги алоқаларни мустаҳкамлайди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Францияга давлат ташрифи олдидан Париж шаҳрида «Илм-фан ва таълим: Ўзбекистон – Франция кўприги» мавзусида қўшма конференция ўтказилгани бу борадаги ҳамкорликнинг янги босқичини бошлаб берди. Конференцияда Франция ва Ўзбекистоннинг 30 дан ортиқ олий таълим муассасалари раҳбарлари ва мутахассислари иштирок этди. Мулоқотлар жараёнида таълим соҳасидаги инновацияларни жорий этиш ва тажриба алмашиш, илмий тадқиқотларни биргаликда олиб бориш ва илмий лойиҳаларни амалга ошириш, талабалар ва профессор-ўқитувчилар алмашинувини кенгайтириш, Франциянинг етакчи университетлари билан ҳамкорликни кучайтириш каби асосий йўналишлар белгилаб олинди. Қўшма конференциянинг амалий натижалари сифатида икки мамлакат олий таълим муассасалари ўртасида муҳим келишувлар имзоланди.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Франциянинг олий таълим модели жуда мураккаб ва бой тарихни ўз ичига олади. Ушбу давлатда олий таълим тизими иерархик тузилган бўлиб, университетлар, гранд-экол (олий мактаблар) ва махсус мактаблардан иборат. «Иерархик тузилган» деганда, олий таълим тизимида аниқ тартиб ва даражалар мавжуд эканлигини англатади. Яъни ҳар бир олий таълим муассасаси ўз ўрнига эга бўлиб, уларнинг мавқейи ва таълим даражаси бир-биридан фарқ қилади.

Францияда университетлар «базавий» олий таълимни тақдим этади, илмий тадқиқотлар олий таълим тизимининг муҳим қисми ҳисобланади. Мамлакатнинг олий таълим тизими Европа Иттифоқининг таълим тизимига интеграцияланган. Бир сўз билан айтганда, Франциянинг олий таълим модели дунёдаги энг яхши таълим тизимларидан бири сифатида эътироф этилади. Унинг мураккаб тузилиши ва илмий тадқиқотларга эътибор қаратиши Францияни илмий ва маданий марказга айлантирган.

Барчамизга аёнки, юртимизда француз тили ва маданиятига қизиқиш юқори. Француз тилига ихтисослашган мактаблар фаолият юритмоқда. Бугунги кунда ўрта махсус ва олий таълим соҳасида уч мингга яқин ўқитувчилар 200 минг ўқувчи ва талабаларга француз тилидан сабоқ бермоқда. Ўзбекистондаги 700 та умумтаълим мактаблари ва 6 та ихтисослаштирилган мактабда француз тили ўқитиляпти.

Термиз давлат университетида француз тили таълим йўналиши 2020 йилда очилган. Ушбу хорижий филология факультетининг француз тили таълим йўналишида айни пайтда 62 нафар талаба таҳсил олади.

Мухтасар айтганда, Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги таълим ҳамкорлиги равнақ топмоқда. Икки мамлакат олий таълим муассасаларининг тажриба алмашиш ва мутахассисларни тайёрлаш, ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга оширишга қаратилган саъй-ҳаракатлари таълим, фан ва инновация соҳасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Дилрабо ШОДИЕВА,

Термиз давлат университети ўқитувчиси.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер