Си Цзиньпин Яқин Шарқда тинчликни таъминлаш бўйича 4 та таклифни илгари сурди
Хитой Халқ Республикаси раиси Си Цзиньпин Яқин Шарқда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлашга қаратилган тўртта асосий таклифни илгари сурди. Бу ҳақда Хитой Марказий телевидениеси хабар берди.
Маълум қилинишича, ушбу ташаббус Пекин шаҳрида Абу-Даби валиаҳди шайх Халед бин Муҳаммад Ол Наҳаён билан учрашув чоғида баён қилинган. Таклифлар тинч ҳамкорлик тамойилларига амал қилиш, минтақа давлатлари суверенитетини ҳурмат қилиш, халқаро ҳуқуқ устуворлигини таъминлаш ҳамда хавфсизлик ва тараққиётни уйғунлаштиришни ўз ичига олади.
Хитой раҳбари Яқин Шарқ ва Форс кўрфази давлатлари ўртасида муносабатларни яхшилаш ва барқарор хавфсизлик тизимини шакллантириш муҳимлигини таъкидлаган. Шунингдек, у минтақа давлатларининг суверенитети, хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигини тўлиқ ҳурмат қилиш зарурлигини қайд этган. Аҳоли, инфратузилма ва давлат муассасалари хавфсизлигини таъминлаш устувор вазифалардан бири сифатида белгиланган.
Си Цзиньпин халқаро ҳуқуқ нуфузини сақлаш ва дунёда “кучлилар ҳукмронлиги” устувор бўлиб қолишининг олдини олиш зарурлигини ҳам алоҳида урғулаган. Унинг таъкидлашича, хавфсизлик тараққиёт учун асос бўлса, тараққиёт эса хавфсизликнинг кафолатидир. Шу боис, барча томонлар минтақада ижобий муҳит яратиб, Яқин Шарқ давлатларининг ривожланишига кўмаклашиши лозим.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг