“Шовдор” канали тозаланиб, экология яхшиланмоқда
Самарқанд, Тойлоқ туманлари ва Самарқанд шаҳри ҳудудидан ўтувчи “Шовдор” каналининг умумий узунлиги 21 километрни ташкил этади.
Кейинги пайтларда мазкур канал анча саёзлашиб, тозаланмасдан келинаётган эди. Самарқанд тумани ҳокими ташаббуси билан ҳудуддан ўтувчи каналнинг 8 километр қисмида ўзанни тозалаш ишлари олиб борилди. Ҳашарга тумандаги ўнлаб корхона-ташкилот ва маҳаллалар фаоллари билан бир қаторда 20 га яқин махсус техника жалб қилинди.

Шу ўринда айтиш керакки, 1947 йилда ишга туширилган мазкур каналда 47 та гидротехник иншоотлар қурилган бўлиб, унинг 13 километри Тойлоқ, 8 километри Самарқанд тумани ҳудуди орқали ўтади. “Шовдор” дан ажралиб чиққан учта ариқ эса Самарқанд шаҳри аҳолиси ҳамда суғориладиган ҳудудларни сув билан таъминлайди. Канал орқали 5680 гектар ер майдонида жойлашган 78 та фермер хўжалиги далалари, шунингдек, 50 дан ортиқ маҳалла аҳолисининг томорқаси сув ичади.

Олиб борилаётган мазкур ишлар самарасида канал ўзанида тўпланиб қолган лойқа, ўт-ўлан ва бошқа тўсиқлар бартараф этилиб, иншоотнинг сув ўтказиш қобилияти яхшиланмоқда. Аҳоли ва қишлоқ хўжалиги ерларини вегетация мавсумида кафолатли сув билан таъминлаш бўйича чоралар кўрилмоқда.
Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг