Ширмонхон хола 100 ёшга тўлди

11:19 27 Август 2020 Жамият
896 0

Ёши улуғ инсонлар борки, бугунги кунга шукрона келтиради. Чунки, улар кўпни кўрган. Очарчилик, уруш, қатағон, қайта қуриш, мустақиллик... Тарих саҳифаларидан жой олган бу кечмишлар оталаримиз, момоларимиз ҳаётида ўзгача ҳарфлар билан битилган. Чунки, улар ана шу даврларнинг барча заҳматини, машаққатини, қувончи ва яхши амалларини юрагидан ўтказганлар. Тош келса кемириб, сув келса симириб, севинчли дамларда шукр қилиб яшашда давом этганлар.

— Шукр қилган инсоннинг умри зиёда бўлади,-дейди Жалақудуқ туманидаги Й. Оҳунбобоев номли маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Ширмонхон хола Холмирзаева. — Борига қаноат қилиб, ҳалол меҳнат билан топилган ноннинг таъми ҳам, тўйимлилиги ҳам ўзгача. Тинчлик-омонликда ўтаётган ҳар бир кунимизга шукр қилишимиз, етказганига қуллуқ қилиб яшашимиз керак. Тан-жонингиз соғ, уйингизда хотиржамлик бўлса ҳамма нарсага эришасиз. Оилангизда халоват бўлмаса, бирор жойингиз оғриб турса кўзингизга ҳеч нима кўринмайди. Бундай пайтда ҳар қанча бахт, омад, фаровонлик кўнглингизга таскин бера олмайди. Шунинг учун, энг аввало, тинчлик ва соғлик бўлсин.

Бу фикр дилдан тилга кўчиши учун не бир синоатларга гувоҳ бўлмоқ даркор экан. Дарвоқе, онахонимиз шу кунларда 100 ёшга тўлди. Жалақудуқ тумани ҳокимлиги вакиллари момони йўқлаб, қутлуғ сана билан муборакбод этдилар. Дуоларини олиб, маслаҳатларига қулоқ солдилар.

Биз эса оталаримиз, оналаримиз Ширмонхон хола каби қутлуғ ёшларга киришини, дуосини олиб юриш насиб этишини ихтиёр этдик.

Саминжон ҲУСАНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер