«Шифохонадаги манзара даҳшатнинг ўзгинаси» — Кўнгилли шифокор Ғазо касалхонасидаги ҳолат ҳақида гапириб берди

14:05 19 Март 2025 Дунё
265 0

Сўнгги маълумотларга кўра, 18 март куни Исроилнинг Ғазо секторига берган зарбалари оқибатида 400 нафардан ортиқ фаластинликлар, жумладан, аёллар, болалар ҳамда қариялар ҳалок бўлган. Юзлаб инсонлар турли даражадаги тан жароҳатлари олиб шифохоналарга ётқизилган.

Ғазо шифохонасида кўнгилли бўлиб ишлаётган австралиялик шифокор Муҳаммад Мустафо Исроилнинг мазкур босқини оқибатида жабрланганларнинг ҳолати ҳақида ачинарли баёнот билан чиқди. Бу ҳақида «Al Jazeera» нашри хабар берди.

«Биздаги мавжуд барча оғриқ қолдирувчи дори воситалари тугади. Айни вақтда беморлар қийналишмоқда. Уларга бериш учун оғриқсизлантирувчи дорилар йўқ, захирадагилар ҳам тугаган», — дейди шифокор.

Шунингдек, Муҳаммад Мустафо Ғазога қилинаётган ҳужумлар ҳамон давом этаётгани, беморлар оқими тўхтамаётгани ҳақида гапирган.

«Кўнгилли шифокорлар гуруҳи туни билан ухламасдан ишлаяпти. Шифохонадаги манзара даҳшатнинг ўзгинаси. Жароҳат сабаб оёғи кесиб ташлаган етти нафар қиз бор ва уларнинг ҳуши жойида. Аслида бундай беморлар тиббий нуқтаи назардан олиб қараганда ҳушсиз бўлишлари керак. Бизда бундай шароит ва имконият мавжуд эмас», — деб қўшимча қилади у.

Маълумот учун, ҲАМАС Исроилнинг бу ҳужумини «Нетаняҳу исроиллик гаровга олинганлар учун ўлим ҳукмини имзолади», дея изоҳлаган эди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти раҳбари Антониу Гутерриш эса Исроилнинг Ғазога қилган ҳаво ҳужумини кескин қоралаб, ушбу воқеадан қаттиқ ғазабдалигини билдирган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер