Шеробод анорлари
Фото: Халқ сўзи
Ер юзида шифобахш неъмат – анорнинг юзлаб турлари учрайди ва меваси таркибида инсон саломатлиги учун кўплаб фойдали микроэлементлар мавжуд. Унинг нафақат меваси, балки пояси, шохи, гули, илдизи ва пўстлоғи ҳам кони фойда.
Айни жиҳатлар инобатга олинган ҳолда Сурхон воҳаси, хусусан, Шеробод туманида ўзига хос анорчилик мактаби яратилган ва у муттасил ривож топиб бормоқда. Гап шундаки, воҳанинг бошқа ҳудудларига нисбатан Шерободнинг ери, суви, иқлими анор етиштириш учун жуда ҳам қулай. Энг муҳими, миришкорларнинг кўп йиллик тажрибаси боис бугунги кунда Шеробод анорлари етти иқлимга маълум ва машҳур.

Мутахассисларнинг маълум қилишича, республикадаги анорзорларнинг учдан бир қисми, яъни 33 фоизи Сурхондарё вилоятида жойлашган. Айнан Шеробод туманида 33 та маҳалла анор етиштиришга ихтисослашган. Туманнинг драйвер тармоғига айланган анорчилик тажрибасини ўрганиш ва уни ёндош туманлар - Бандихон, Қизириқ ҳамда Музработда жорий қилиш мақсадида амалий ҳаракатлар бошланган.
Шерободда мавжуд анорзорларнинг 1 минг 521 гектари аҳоли томорқаси, 3 минг 551 гектари эса фермер хўжаликларига қарашли. Ана шу боғлардан ҳар йили аҳоли 5 минг 815 тонна, қишлоқ хўжалиги корхоналари эса 8 минг 612 тонна ҳосил олади.
— Ота-боболаримиз мўъжазгина анорзор барпо этиб, ўз рўзғорини обод қилган. Уларнинг тажрибасига суяниб, кейинчалик анорчиликка оид манбаларни ҳам ўргандим, — дейди Шеробод туманидаги «Расулов Тожи» масъулияти чекланган жамияти раҳбари Тожимуҳаммад Расулов. — Йилдан-йилга ишларимиз ривож топиб, анорзорларимизни кенгайтиришга, етиштирган анорларимизни хориж бозорларига сотиш бўйича яхши натижаларга эришаётирмиз. Бир мисол, бундан 5-6 йил илгари 1 гектар анорзордан 10-15 тонна ҳосил олган бўлсак, бу йилги мавсумда ҳосилдорлик 35-40 тоннани ташкил этяпти. Жами 200 гектар майдонда яратган анорзорларимиздан бу йил 450 тонна ҳосил олдик. Ўтган йили 150 тонна анорни экспортга чиқарган бўлсак, бу кўрсаткични энди 250 тоннага етказиш ниятимиз бор.
Эътиборли томони шундаки, вилоятда етиштирилаётган анор маҳсулотлари экспорт географияси тобора кенгайиб бормоқда. Ҳозирда ҳосилнинг қарийб 50 фоизи дунёнинг ўндан ортиқ давлатига экспорт қилиняпти. Жорий йилда эса Сурхон воҳасидан экспортга йўналтириладиган 15 минг тонна, яъни 12 млн. 442 минг АҚШ долларига тенг бўлган маҳсулотнинг 8 минг тоннаси шерободлик деҳқонлар томонидан етказиб берилади. Дарвоқе, ўтган йили вилоятда 6 минг тонна анорни қадоқлаш, 2 минг тонна мева шарбати ишлаб чиқариш қувватига эга корхона ҳам ишга туширилди. Умумий қиймати 50,7 млрд. сўм бўлган лойиҳа асосида қарийб юз киши иш билан таъминланган.
Келгуси йили Сурхон воҳасида яна 3 минг 114 гектар майдонда (1 минг 655 гектари Шеробод туманида) янги анор боғларини барпо этиш режалаштирилган. Шу мақсадда иқлим шароитига мос серҳосил анор кўчатлари ҳам етиштирилмоқда. Янги анорзорлар барпо этилиши ҳисобига биргина Шеробод туманида йиллик анор ишлаб чиқариш кўрсаткичини 100 минг тоннага етказиш имконияти яратилади.
Илҳом Раҳматов, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг