Шавкат Мирзиёев Президент сайлови янгиланган Конституциямиз асосида ўтказилгани унга чинакам халқчил руҳ ва мазмун бағишлаганини таъкидлади
"Ушбу сайловда халқимиз ўз хоҳиш-иродасини эмин-эркин билдириб, Янги Ўзбекистон учун овоз берди, деб айтишга барча асосларимиз бор.
Мамлакатимиз ҳаётидаги ғоят муҳим ва масъулиятли бу сиёсий жараён эл-юртимиз билан биргаликда танлаган ва амалга ошираётган миллий тараққиёт йўлимиз нақадар тўғри эканини яна бир марта тасдиқлади.
Сайловда 15 та халқаро ташкилотдан 466 нафар, 47 та хорижий давлатдан 331 нафар вакил халқаро кузатувчи сифатида қатнашди. Шу билан бирга, 1400 нафар маҳаллий ва хорижий журналистлар сайлов жараёнларини атрофлича ёритиб борди.
Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бюроси ҳамда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигининг узоқ муддатли миссиялари бутун сайлов жараёнларини бевосита кузатиб борди.
Шунингдек, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Парламентлараро ассамблеяси, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Туркий давлатлар ташкилотидан ҳам кузатувчилар иштирок этди. Буларнинг барчаси ушбу сайлов жаҳон ҳамжамиятида катта қизиқиш уйғотганини кўрсатади.
Маҳаллий ва хорижий кузатувчилар сайлов миллий қонунчилигимиз ва умумэътироф этилган халқаро тамойиллар асосида, эркин ва демократик, соғлом рақобат ва сиёсий кураш муҳитида, очиқлик ва шаффофлик руҳида ўтганини эътироф этдилар.
Бу, ўз навбатида, барчамизни бирлаштириб, ўз куч ва имкониятимизга бўлган ишончимиз, халқимиз, Ватанимиз олдидаги масъулиятимизни янада ошириши табиий, албатта", – деди Президент
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг