Шарқона оила

14:22 08 Февраль 2021 Жамият
1048 0

Оила жамиятнинг ажралмас бўлаги бўлиб, қатъий қонун-қоидаларга бўйсунади. Наслнинг соғлом, солиҳ ва бардавом бўлиши, шу тариқа, жамиятнинг таназзулга учрамаслиги учун Аллоҳ таоло уни ўз ҳимоясига олган ҳамда унинг биринчи омили қилиб ҳалолни белгилади.

Оила давлат тузилишида катта эътиборга эга, чунки жамият оилалардан ташкил топади. Жамият келажаги порлоқ, юксак тараққий этиб, катта имкониятларга эга бўлиши, биринчи навбатда, ўзининг ажралмас негизи бўлган оилаларнинг маънан соғлом бўлишини талаб қилади. Бинобарин, оиланинг маънан соғлом бўлиши қуйидаги шартларга боғлиқ:

1. Оила бир-бирига муносиб одамлардан ташкил топиши зарур. Фиқҳ китобларида келтирилишича, никоҳда тенгликнинг жуда катта аҳамияти бор. Чунки эр-хотин орасида катта фарқ бўлса (бойлик, илм ва ҳок...), улар бир-бирларини тушунишда қийинчиликларга дуч келадилар. Шунинг учун, шариат тенгликни жорий қилди. Аёл эридан чиройда, ибо-ҳаёда; эр эса, ўз навбатида, аёлидан бўйда, молу дунёда ҳамда мансабда афзал бўлиши оиладаги илиқ муҳитнинг муҳим гаровидир. Шунингдек, йигитнинг қиздан ёш жиҳатдан катта бўлиши ҳам мақсадга мувофиқ.

2. Оила ўзаро ҳурмат асосида қурилсин. Хотин эридан қўрқмасин – ҳурмат қилсин; эр эса аёли Аллоҳнинг унга берган омонати эканлигини доимо ёдда тутсин. Эр вазмин, хотин тадбирли бўлсин. Эр ва хотин бир-бирларига муносабатда ҳурмат-эҳтиром кўрсатиши, оила ишларида ёрдам бериши, муаммолар ечимида ҳамкор бўлиши фақат улар ўртасидаги ишончни мустаҳкамлашга хизмат қилишини унутмаслик лозим. Маълумки, эр кун бўйи иш билан пул топиш илинжида уйда бўлмайди. Иши юришганда шунга яраша яхши кайфият билан, бордию, ишлари юришмай қолса, минг-бир ўй-хаёл билан тушкун кайфиятда қайтади. Доно аёл турмуш ўртоғининг ҳар қандай кайфиятини тўғри баҳолай олиши ҳамда ширинсуханлигию тадбиркорлиги билан эрини ҳаётга, келажакка бўлган қизиқишини кучайтириши лозим. Ўз навбатида, эр хотинига уй юмушларида бажону дил ёрдам берса, бу ишидан орланмаса, оилада барқарор ҳаёт вужудга келади.

Инсон — иссиқ жон. Шундай экан, беморлик ундан йироқ эмас. Шундай вазиятда эру хотин бир-бирларига кўмак бериши, кўнглини олиши лозим. Эркак жуфти ҳалолининг бетоблигида ота-онасиникига жўнатиб, тузалгач қайтариб олиб келиши мард сифатларидан эмас. Никоҳ аҳдига кўра, оиладаги ҳар қандай вазият — хоҳ у мушкулот бўлсин, хоҳ роҳат — эр-хотиннинг зиммасига бирдек тушади. Шундагина, улар ўртасида меҳр-шафқат вужудга келади. Муҳими, бу муҳит бардавомдир, яъни «қуш уясида кўрганини қилади», деганларидек, фарзандлар ота-онасидан ўрнак олиб, келажак ҳаётини шу асосга қуришга интилади.

3. Оила аъзолари ўзаро тотув яшашлари шарт. Бундан мурод уларнинг ҳар бир хатти-ҳаракатига бағрикенглик, меҳр билан муносабат билдиришлари, шунингдек, ёмонини яшириб, яхшисини оширишларидир. Бу ҳақда Қуръони каримда бундай дейилган: «Эй, имон келтирганлар! Сизларга хотинларни мажбурий равишда мерос қилиб олиш ҳалол эмасдир. Яна, уларга берган маҳрларингизнинг бир қисмини қайтариб олиб кетиш ниятида хотинларингизга тазйиқ қилмангиз! Агар улар аниқ бузуқлик қилсалар (бу мустаснодир). Улар билан тотув турмуш кечирингиз. Агар уларни ёмон кўрсаларингиз, (билиб қўйингки,) балким сизлар ёмон кўрган нарсада Аллоҳ (сизлар учун) кўпгина яхшилик пайдо қилиши мумкин».

Жоҳилият даврида бир аёлнинг эри ўлса, унинг ўгай ўғли ёки бошқа бир қариндоши келиб, бева аёлнинг ёки у яшаб турган чодирнинг устига ўз чопонини ташлаб қўйиш билан уни мерос қилиб олар, шу йўл билан тўла ворислик мақомига эришган экан. Сўнгра, хоҳласа, маҳрсиз унга ўзи уйланар, хоҳласа, бошқага эрга бериб, маҳрини ўзи олар ёки узоқ вақт эрсиз қолдириб, беванинг қўлидаги биринчи эридан қолган барча мероси ёки бошқа бойлиги эвазига уни озод қиларди. Агар аёл мазкур кишиларнинг чопон ёпишидан олдинроқ уйдан чиқиб кетишга улгурса, шундагина, ихтиёри ўз қўлида бўлиб, эрининг ўғли ёки қариндошига мерос бўлиб қолишдан қутулар экан.

Абу Қайснинг хотини Кабиша исмли бир бева аёл Муҳаммад (а.с.)нинг ҳузурларига эрининг ўғлидан шикоят қилади. Мазкур масалага жавоб тариқасида юқоридаги оят нозил бўлади (Бғ.). Аллоҳ таоло бандаларнинг ўз аёлларига адолат билан муомала, ҳукм қилишга буюрмоқда. Демак, оила аъзоларига адолатли бўлиш ҳам, аслида, ибодат. Ибодатда эса улкан савоб, ажр бор.

Шунинг учун ҳам, Аллоҳнинг марҳаматидан умидвор ҳар бир инсон, энг аввало, аёлларга чиройли муомала қилиши, ширинсўз ва ҳар томонлама яхшилик кўрсатишга шошилиши лозим. Иккинчидан, гарчи уларнинг феъл-атворларида бирор ҳаракат ёқмаган тақдирда ҳам, қўполлик қилмасдан, ширинсўзликда бардавом бўлиши кераклиги айтилди. Чунки ҳар нарсада Аллоҳ таолонинг биз билмаган, ақлимизга келмаган, инсон идрокидан ташқари ҳикмати бор. Аёлларнинг хулқларида бир эмас, бир неча яхшилик мавжуд бўлиши мумкинлиги маълум бўлди. У яхшиликлардан бири тан соғлиғи, кийим-кечак ва уйларнинг озодалиги ва энг муҳими, тўғри тарбия берилган, кўз қувончи бўлмиш солиҳ фарзандни дунёга келтиришидир.

Бу ҳақда ҳадиси шарифда Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: «Мўмин (эр) одам мўмина (хотини)га ғазабланмасин. Агар у (аёл)нинг хулқидан бири ёқмаса, иккинчиси хурсанд қилади».

Ислом дини муҳаббат, раҳмат, меҳр-шафқат каби хислатлар оиланинг таянчи эканини айтади. Бу таянчлардан бирига арзимас нарса туфайли дарз кетмаслиги учун ҳадисда унга: «Агар бирон нохушлик бўлса, унинг замирида кўп яхшиликлар бўлиши мумкин», – деб айтилди. 

Бу борада ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг хотинини ёқтирмагани учун талоқ қилмоқчи бўлган кишига айтган сўзлари жуда муҳим: «Ҳолингга вой! Оилангни муҳаббатдан бошқа нарсалар устига қурдингми? Риоя қани, уят қаерда қолди?» Эътибор қилинса, Умар розияллоҳу анҳу оила қуришдан мақсад ҳавои нафс эмас, балки аксинча, солиҳ фарзанд — насл қолдириш, Аллоҳ амрига мувофиқ жуфт бўлиб яшаш эканлиги маълум бўлмоқда.

Бу ҳақда сўз юритилар экан, ҳозирги куннинг долзарб масалаларидан бири сифатида намоён бўлаётган баъзи эркаклар арзимас нарса туфайли хотинини сўкиши, уриши ва куракда турмайдиган сўзлар билан ҳақорат қилиши ҳолати кишига оғир ботади. Тўғри, Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “…уринглар…” деди, лекин бундан олдин бир қанча шартларни қўйди. Қўлга эрк беришдан олдин бир қанча тарбиявий босқичлардан ўтказиш лозим. Уриладиган тақдирда ҳам, қаттиқ уриш, кўкартириш эмас, номигагина уриб қўйиш, заифа эканини эслатиш назарда тутилди. Арзимас айб топиб, фарзандларингиз онаси, кечалари ухламай бола катта қилган, саҳар туриб уйингизни супурган, кийимингизни тозалаб, сизга ширин-ширин таомлар тайёрлаб берган заифа аёлга кучингиз етдими? Албатта, аёл кишининг айби бўлиши мумкин. Хатолар такрорланмаслиги учун унга яраша шароит яратиб бериш эркак кишининг вазифаси эканини унутмаслик лозим.

Ҳадиси шарифда: «Яхшиларингиз (аёлларни) ҳеч қачон урмайдиганингиз», деганлар. Англашилаётганидек, аёлини уришга рухсат берилгани билан, аслида, ундан қатъий қайтарилган. Бинобарин, мусулмонлар орасида яхшилардан бўлишга интилган ҳар бир имон эгаси тан маҳрамига нисбатан фақат ва фақат мулойим, меҳрибон ва вафодор бўлишга интилиши шубҳасиз.

Уламоларимиз ушбу ҳадисни ҳужжат қилиб: «Агар Аллоҳ таолонинг ҳаққига билиб туриб риоя қилмаса, унда одоб тариқасида бир туртки сифатида танбеҳ берса бўлади», дейишади. Оятга асосан аёлни уриб, қўлини синдириш, юзини кўкартириш рухсати умуман берилмаган. Расулуллоҳ инсон учун жаннатга «оналар хоки пойини олиш орқали» эришилишини таъкидлаш билан бу масалага узил-кесил нуқта қўйдилар, гўё. Шундан кейин ҳам аёлларга беҳурматлик кўрсатиш мумкинми?!

Ҳар қачон ва ҳар ерда бизга ўзининг юксак ахлоқи билан ўрнак бўлган Расулуллоҳ аёлларини уриш у ёқда турсин, ҳеч қачон қаттиқ гапирмаганлар ҳам. Бу борада Ойша розияллоҳу анҳунинг саҳобалардан бирига айтган сўзларини ибрат олайлик: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз аёлларидан ва ходималаридан бирортасини умуман урмаганлар, ҳаётларида ҳеч кимга озор бермаганлар. Фақат Аллоҳ йўлида, ҳаромдан қайтариш ёки Аллоҳ таоло учун қасос олиш мақсадида (уриш керак бўлса) урганлар». Кўриниб турибдики, Қуръони каримда келган «уриш» калимаси фақат рамзий характерга эга, холос.

4. Эркак оиласига нисбатан масъулиятни ҳис этиши билан устун бўлсин. Эркак оила таъминоти, ҳимояси учун масъул. У – оила устуни, қўрғони. Эркаксиз уй азалдан бошқаларнинг раҳм-шафқатига муносиб кўрилган. Қадимда юртимизда уйида эркаги йўқ аёллар челакни эшик ортида қолдирган. Ўткинчи, ҳатто бегона одамлар ҳам, бу хонадоннинг эркаги йўқлигини фаҳмлаб, уни сув билан тўлдириб, олиб келиб қўйганлиги ҳам бунинг яққол далилидир. Бу — улуғ миллатнинг ибратли, буюк қадрияти.

Шу жиҳатдан эркакнинг аёлдан устун эканини Аллоҳ таоло айтди:

«Эркаклар хотинлар устидан (оила бошлиғи сифатида доимий) қоим турувчилардир. Сабаб – Аллоҳ уларнинг айримлари (эркаклар)ни айримлари (аёллар)дан (баъзи хусусиятларда) ортиқ қилгани ва (эркаклар ўз оиласига) ўз мол-мулкларидан сарф қилиб туришларидир. (Аёллар ичида) солиҳалари — бу (Аллоҳга ва эрига) итоатли, ғойибга Аллоҳ сақлаганича ҳимоятли (яъни, эрларининг сирлари, мулклари ва обрўларини сақловчи)лардир. Хотинларнинг итоатсизлигидан қўрқсангиз, аввало уларга насиҳат қилингиз, сўнгра (бу таъсир қилмаса,) уларни ўринларда (алоқасиз) тарк этингиз, сўнгра (бу ҳам кор қилмаса) уларни (мажруҳ бўлмагудек даражада) урингиз. Аммо сизларга итоат қилсалар, уларга қарши (бошқача) йўл ахтармангиз. Албатта, Аллоҳ олий ва улуғ зотдир» .

Эркак зотининг аёллардан баъзи хусусиятларда ортиқ қилиб яратилганлигида бир неча ҳикматлар мавжуд. Тафсирларда эркакларга хос қуйидаги шаръий хусусиятлар қайд этилган: пайғамбарлик, халифалик, жисмоний куч-қувват, оила нафақасига масъуллик, ақлу идрок, хотира ва тафаккурнинг зиёдалиги, имом-хатиблик, муаззинлик, жамоат билан намоз ўқиш, жума намозининг вожиб бўлиши, ташриқ такбирини айтиш, жангларда қатнашиш, тўлиқ гувоҳлик, талоқ бериш ҳуқуқига эга бўлиш, оила номининг унга нисбат берилиши, намоз ва рўзани узрсиз адо этиш ва бошқалар. Шу ва бошқа жиҳатларини ҳисобга олиб, аёл кишининг эрига нисбатан итоатли, ҳимоятли ва иффатли бўлиб, оила тотувлиги йўлида доимий ҳаракатда бўлиши диёнат жиҳатидан талаб этилган.

Баъзи кишилар Қуръонда «урингиз» дейилган, деб уни суиистеъмол қилишга уринадилар. Бу хатодир. Ҳар қандай оилавий можарони тинч йўл билан оқилона ҳал этиш мумкин. Бинобарин, мўътабар манбаларда жазо чораси сифатида уриш учун бир марта кўрсатма келган бўлса, яхшилик қилиш, адолатли ва ҳалим бўлиш даъватини чексиз учратиш мумкин.

Масалан, «Видолашув хутбаси»да Пайғамбаримиз (а.с.), жумладан, шундай деганлар: “...Аёлларингизга яхшилик қилишни тавсия этаман. Улар сизларнинг барча ишларингизда ёрдамчиларингиздир».

Эр оиланинг умумий тинчлиги, уни озуқа, кийим-кечак билан таъминлашга масъулдир, хуллас, эркак моддий ва маънавий эҳтиёжларини қондира олишга лаёқатли бошлиқ бўлишга буюрилган. Қуръони каримда бу ҳақда шундай дейилган: «Талоқ қилинган аёллар ўзларига қараб, уч ҳайз муддати (ўтишини) кутиб ўтирадилар. Агар улар Аллоҳга ва охират кунига ишонсалар, бачадонларида Аллоҳ яратган нарса (ҳомила ёки ҳайз)ни яширишлари ҳалол (иш) эмас. Агар эрлари ислоҳни (оилани тиклашни) хоҳласалар, шу муддат ичида уларни қайтариб олишга ҳақлидирлар. Аёллар учун (белгиланган ҳуқуқлар) ўз меъёрида эркаклар (ҳуқуқи) билан тенгдир. Аёлларга нисбатан эркакларда бир даража (зиёдалик) бор. Аллоҳ қудрат ва ҳикмат эгасидир» .

Бир ёки икки талоқ қўйган эрлар идда чиққунга қадар сўз ёки ҳаракат билан қайтиб, никоҳни янгиламасдан турмушни давом эттиришлари мумкин. Аммо бир ёки икки «боин» (қатъий) талоқ қўйган бўлса, никоҳни янгилаш шарт бўлади. Уч талоқ ёки ундан ортиқ ададни айтиб қўйган бўлса, юртимизда амал қиладиган ҳанафия мазҳабига биноан, эр-хотин ўртасидаги шаръий никоҳ бекор бўлиб, бирга турмуш қуриш мумкин бўлмай қолади. Бундай тақдирда, албатта, шариат пешволарига мурожаат қилиб, маслаҳат олиш зарур.

Бу эркаклар хоҳлаганларини қилсинлар ёки истаганларича ҳукм сураверсинлар, дегани эмас. Аслида, устунроқ бўлиш, ортиқроқ масъулиятли бўлиш деганидир. Оиласида вужудга келган муаммоларни имконияти бўла туриб ижобий ҳал этмаслик, имкони бўлмаган тақдирда ҳам, ҳаракат қилмаслик – гуноҳ. Бу Аллоҳ таолонинг омонат қилиб берган нарсасига хиёнат қилишдан ўзга нарса эмас. Чунки бу инсон Аллоҳ ва Унинг пайғамбари буюрганини бажармади.

Оятда келган «Аёлларга нисбатан эркакларда бир даража (зиёдалик) бор»лиги эркакларга аёлини сабаб-бесабаб уриш, ҳақорат қилиш учун имтиёз бермайди. Аксинча, уларга зулм қилишдан қайтарилади. Зеро, Аллоҳ «зулм қилувчиларни хуш кўрмайди». Кўриниб турганидек, зикр қилинган ёмон амаллар дини исломда қаттиқ танқид остига олинган. Шундай экан, эркакларнинг аёллардан бир поғона устунроқ бўлиши уларнинг тили ва қўлига эрк бериши эмас, балки ўз куч-қудрат ва имтиёзидан яхшилик йўлида фойдаланиши деганидир.

Зулмнинг натижаларидан бири – ажрим, яъни талоқдир. Бу барча замонларда аламли муаммолардан бўлиб келган. Оилавий ажримларнинг муҳим сабаби эр ва хотиннинг вазифалари, бурчларининг ҳадди – чегарасини билмаслигидир, уларни сидқидилдан адо этмаслигидир. Бундай эр ва хотин қандай сифату вазифалари, оила қадриятлари хусусида аниқ тасаввурга, билимга эга эмас. Аслида, бугунги замонавий инсонлар онгида бу борадаги тасаввурлар қарама-қарши.

Ўзини оила бошлиғи эканини эр биладию аммо бошлиқлик қандай бўлишини билмайди. Аёлига, болаларига зулм адолатсизлик қилиш, уларнинг ҳаққига хиёнат қилишдан тап тортмаслик раҳбарликми? Оила маблағларини истаганидек сарфлашми ё? Аслида, ҳадиси шарифда айтилганидек: «Барчаларингиз ўз қўл остингиздаги аҳли-аёлингизга масъулдирсизлар». Аёл эрига садоқатли, бўйсунувчи эканидан хабардору лекин мазкур масалалар тўғрисидаги қарашлари аслиятга зид.

Машҳур ўрта аср имоми Аҳмад ибн Ҳанбал ривоят қилган ҳадисда: “...Хотинингга берган овқатинг ҳам сен учун садақадир...» дейилган.

Бошқа бир ҳадисда эса: «Хотинингнинг оғзига тутган луқмада ҳам сен учун савоб бор», дейилади.

«Хотиннинг оғзига тутиладиган» таомнинг ҳалол, пок йўл билан топилган бўлиши унинг биринчи шартидир. Иккинчи шарти эса ўзига лозим кўрган таомдир. Зеро, ўзи тансиқ таомлардан тановул қилиб, аҳли аёлини очликка маҳкум этиши айни зулмдир.

Қуръони каримнинг Нисо сурасида: «Хотинларингиз билан яхшиликда яшанг, гарчи уларни ёқтирмасангиз ҳам. Шоядки сизга ёқмаган нарсанинг ортидан Аллоҳ сизга кўп яхшиликларни раво кўради» дейилса, Бақара сураси 187-оятида бундай марҳамат қилинган: «Улар (хотинлар) сизлар учун либосдир, сиз улар учун либосдирсизлар». Аллоҳ таоло аёлига, унинг қусру нуқсонларига сабр қилган эрга улкан ажрларни ваъда бермоқда, улардаги айбу ёмонликларни яширишга тарғиб қилаётир.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом: «Сизларнинг яхшиларингиз ўз аҳли аёлига яхши муносабатда бўлганингиздир. Мен сизларнинг ичингизда ўз аҳли-аёлига энг яхшисиман», деганлар.

Улуғ саҳобийлардан бири Абдуллоҳ ибн Аббос: «Хотиним мен учун ўзини зийнатлаганидек, мен ҳам хотиним учун ўзимни зийнатлайман», — деганлар.

Келин ардоқланишга муносиб экан куёв ҳам, ўз навбатида ҳурмат қилинишга, лойиқ. Ҳожа Аҳмаджон Бобомурод «Қўша қаринглар» (Тошкент: «Мовароуннаҳр», 2004) номли рисоласида шундай ёзади: «Абу Толибнинг набираси Абдулло ибн Жаъфар ўз қизига: «Эрингни бўлар-бўлмасга гумон қилиб, рашк қилаверма. Тушуниб-тушунмай койима. Эрингга ўзингни нохуш сифатида кўрсатма. Сурма, ўсма, хина энг яхши зийнатлардан бўлсада, лекин ҳаммасидан афзали сувдир,” - деганлар. Зеро, сув ҳамма нарсани поклайди. Либослари кир бўлган бўлса, совунлаб, тозалаб ювилса, либоси ўзига ярашиб туради. Чиройли кийимда очилиб, яшнаб турмуш ўртоғига ҳам чиройли кўринади...»

Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Нисо сураси 34-оятида аёлларни хулқига қараб икки тоифага — солиҳа ва ношиза (итоатсиз)га ажратади: «Солиҳа аёллар одобли, Аллоҳ ва эрларига итоатли, ибодатли, эрлари йўқ вақтларида ўз номуси ва эрининг топганларини сақлайдиган, Аллоҳнинг инояти ва муҳофазасида мазкур хислатларга эга бўлган аёллардир».

Аллоҳ таоло шу жойда яна марҳамат қилади: «Эрларига итоат этмайдиган, одобсизлик, тил узунлик қиладиган аёлларга Аллоҳ эрга итоат этишни, биргалиқда яхши яшашни буюрганини эслатиб насиҳат қилинглар, тушунтиринглар. Агар уларга насиҳат кор қилмаса, ундай аёллар ила бир тўшакка ётманглар, яъни ўринни бошқа-бошқа қилинглар, зеро, аёлга бундай муомала қаттиқ таъсир этувчи ҳисобланур. Агар бу – иккинчи илож ҳам ўртадаги нохушликни дафъ қилмаса, сўнгги – учинчи илож, юзидан бошқа жойига, шикаст етказмаслик шарти билан уришликдир. Демак, насиҳат ва ўринни бошқа қилиш фойда бермаган, ўз қадр-қимматини, ўртадаги фарзандларни ўйламаган аёл шундай восита ила даволанишга лойиқдир. Сўнг Аллоҳ: Аммо сизларга итоат этсалар, иттифоқликда бирга яшашга ҳаракат қилсалар, сизлар ҳам уларнинг бу ишларида ҳамкорлик қилинглар. Лекин яна ҳам кўпроқ таъсир ўтказиш мақсадида уларга зулм қилиб бошқа воситалар ахтарманглар. Аллоҳ ҳаммадан улуғ ва мазлумлар ҳомийсидир. Кимки аёлларга зулм қилиб адолатсизлик қилса, улардан ўч олишга қодир Зотдир». Қарангки, Аллоҳ таоло аёлларга итоатни шарт қилиш баробарида уларни ҳимоя ҳам қилмоқда. Бу аёлларга ҳам, эркакларга ҳам қаратилган бўлиб, эр аёлига зулм қилиши асносида Аллоҳни унутмаслиги эслатилмоқда. Ваҳоланки, золимларга «ўч олувчи» Зот Аллоҳ таолодир!

Шу ўринда бир маълумот келтирилиши мақсадга мувофиқ: агар айб фақат эрнинг ўзида бўлиб, хотиннинг жавобини беришдан бош тортган ҳолатида хотин эри устидан қозига шикоят қилади ва қози эр номидан талоқ қилади. Бироқ бундай ҳолда хотин эр берган маҳрни қайтариши лозим бўлади. Бундай ажралишни уламолар истилоҳида «хул», яъни маблағ эвазига талоқ дейдилар.

Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам бошқа ҳадисларида: «Ҳаммангиз риоя қилувчисиз. Ҳаммангиз риоянгизда бўлганларга масъулдирсиз, амир риоячидир, эркак ўз оиласида риоячидир…”, деганлар. Риоя қилиш масъулиятни сезиш, мажбуриятларни бажариш демакдир. Ноҳақ ҳукм чиқариб, ножоиз ҳаракатлар қилиш, аҳлларига зулм кўрсатиш маъсият — гуноҳ деганидир. Демак, кишининг мавқеи қанчалик баланд бўлса, жавобгарлиги ҳам шунчалик юқори бўлади.

5. Аёл оиласининг ички ҳолатларига масъул. Юқорида таъкидланганидек, эр кўп вақтини оиласини таъминлаш йўлида ҳаракат қилиб ўтказади. Табиийки, уй ишлари билан шуғулланишга кам вақт ажратади. Шу ўринда никоҳнинг фойдаси яққол кўзга ташланади. Уй ишларини аёл киши қилади, поклик-озодалик, саранжом-саришталикка, тинчликка жавоб беради. Унинг бошқа вазифаси ҳам бор, у ҳам бўлса, фарзанд кўриш, унга тарбия қилишдир. Демак, аёл оиланинг ички ишларига масъул. Юқоридаги риоя ҳақидаги ҳадиснинг давомида шундай дейилган: «Аёл ўзининг риоясида бўлган эрининг уйига ва фарзандига масъулдир. Бас, ҳаммангиз риоячидир ва ҳаммангиз риоянгизда бўлган нарсаларга масъулдирсизлар!». Яъни молдан эри билан маслаҳат қилмай тасарруф қилмаслиги, сарф-харажатларни бамаслаҳат амалга ошириши, фарзандларига тарбия бериши каби олижаноб ҳақиқатлар ушбу ҳадисда ўз тасдиғини топган.

6. Ота-она фарзандларининг риоясини қилиб, уларга адолатли бўлишсин. Ота-она фарзандларидан масъул бўлиб, уларга адолат қилишлари лозим.

Ота-онанинг нечта фарзанди бўлса, ҳаммасига тенг қараш, ҳатто муомала қилганда ҳам, баробар кўриш керак. Улардан бирини бошқасидан ортиқ кўриш ёки бирини бошқаси олдида камситиш, кейинчалик, оға-иниларнинг оқибатсизлиги, ўзаро нафрат, ота-онадан узоқлашиш сингари тузатиб бўлмас оқибатларга олиб келиши мумкин.

7. Фарзандлар ота-оналарига яхшилик қилсин, бурчини адо этсин.

Фарзандларнинг ота-оналарига яхшилик қилишлари, уларнинг ҳеч сўзларини ерда қолдирмаслиги лозим. Халқимизда асрлар давомида шаклланган одатларга кўра, отаси ўтирган уйнинг томига фарзанднинг чиқиши жоиз эмас. Унинг кўзига тик боқиши одобдан эмас. Гуноҳдан бошқа ҳар қандай буйруғига сўзсиз итоат қилиши шарт.

Абдуқаҳҳор ЮНУСОВ,
Тошкент шаҳар бош имом-хатиби ўринбосари

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер