«Шарқ тароналари» ХIII халқаро мусиқа фестивали доирасида илмий-амалий конференция бўлиб ўтмоқда
Абдулазиз ЙЎЛДОШEВ/«Халқ сўзи». Самарқанд шаҳридаги «Буюк ипак йўли» халқаро туризм марказида «Шарқ халқлари мусиқа маданияти: глобаллашув жараёнларида ижодий уйғунлашув тамойиллари» мавзусида илмий-амалий конференция бошланди.
«Шарқ тароналари» XIII халқаро мусиқа фестивали доирасида ўтказилаётган мазкур анжуманда 32 та хорижий давлатдан 50 нафардан зиёд мусиқашунос, фольклоршунос ва маданиятшунос олимлар, шунингдек, нуфузли олий таълим муассасалари ректорлари ва илмий-ижодий марказлар раҳбарлари қатнашмоқда.

Анжуман очилишида Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Озодбек Назарбеков, ЮНEСКОнинг Бутунжаҳон мероси маркази директори ўринбосари Хосаграхар Жоти Висвесвария, ТУРКСОЙ ташкилоти бош котиби Султан Раев, Туркий маданият ва мерос халқаро фонди президенти Актоти Раимқулова, Самарқанд шаҳар ҳокими Фазлиддин Умаров сўзга чиқиб, конференция иштирокчиларини қутлади.
Конференция давомида соҳа мутахассислари томонидан миллий мусиқа санъатини туркий давлатлар мусиқа маданияти билан уйғунлаштириш, инновацион таълим технологияларини кенг жорий этиш каби масалалар муҳокама қилинмоқда.

Бу йилги конференция аввалгилари сингари ялпи мажлисдан иборат бўлиб қолмай, уч шўбага бўлинган ҳолда иш олиб боради. Шўба мажлислари давомида миллий мумтоз наволар, мақом намуналари ва халқимизнинг дурдона асарлари таниқли санъаткорлар томонидан жонли ижро этилиб, маҳорат сабоқлари ўтилади.
Бундан ташқари, конференция доирасида илк бор Туркий давлатлар ташкилоти қошидаги Турк дунёси санъат ва мусиқа университетлари иттифоқининг йиғилиши ўтказилади. 2022 йилда ташкил этилган мазкур иттифоққа туркий давлатлардаги ўндан ортиқ санъат олий таълим муассасалари аъзо бўлган.

Анжуман доирасида ТУРКСОЙ қошидаги «Туркий давлатлар санъат университетлари иттифоқи» резолюцияси қабул қилиниши ва турли давлатлар олий таълим муассасалари ўртасида ҳамкорлик меморандумлари имзоланиши режалаштирилган.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг