Шакаркентда ширин – шакар қовунни эслатувчи мева етиштирилмоқда
Вобкент туманидаги “Шакаркент” маҳалласида истиқомат қилувчи тиниб – тинчимас деҳқон Аваз Асадовнинг иссиқхонасида мазаси ва ҳиди пайкалдан эндигина узилган қовунни эслатувчи папайя етиштирилмоқда. Бу тропик ўсимлик учун хонадон соҳиби бир сотих ер ажратган.

-Бу ўсимлик жуда эътиборталаб, — дейди у. – Иссиқхонада ҳарорат ўн даражадан юқори бўлганида кўп ҳосил беради. Рисоладагидек парвариш қилинса, бир тупидан юзтадан ошириб мева олиш мумкин. Донасининг нархи 50 – 60 минг сўм атрофида. Кўчати икки йилда ҳосилга киради. Мазаси ва ҳидини инобатга олиб унга “қовун бутаси” деб ҳам ном беришган.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, папайя саломатлик учун жуда фойдали. Таркиби витаминларга бой. У овқат ҳазм қилишни яхшилайди. Иммунитетни мустаҳкамлайди. Юрак фаолиятини, кўриш қобилиятини яхшилайди.Ундан истеъмол қилиш вазнни назорат қилишда ҳам қўл келади.

Эътиборлиси, томорқадан унумли фойдаланиб, ноодатий маҳсулотлар етиштиришда шакаркентликлар ўзига хос мактаб яратишмоқда. Бугун маҳалладаги иссиқхоналар билан танишган киши изланувчан томорқачилар саъй – ҳаракати билан мандарин, апельсин, банан, киви ва ҳатто пальма дарахти кўчати етиштирилаётгани гувоҳи бўлади.
Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг