Шаҳрисабзда II мақом санъати анжуманини ўтказиш режалаштирилмоқда
2019 йил 26 февралда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “II Халқаро мақом санъати анжуманини ўтказишга тайёргарлик кўриш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармойиши эълон қилинган эди. Халқаро тадбир жорий йилнинг 5 —10 сентябрь кунлари «Фестиваллар шаҳри» — Шаҳрисабзда ўтказилиши режалаштирилган.
Ўзбекистон Республикаси бош вазирининг 2020 йил 30 июндаги II Халқаро мақом санъати анжуманига тайёргарлик кўриш ва ўтказиш бўйича Ташкилий қўмита мажлиси ўтказилиб, йиғилиш баёни тасдиқланди. Унда ушбу нуфузли анжуманнинг иккинчи маротаба ўтказилишига тайёргарлик кўриш, хорижий иштирокчиларни янада кўпроқ жалб этиш ва уларга мақом санъати тўғрисида кўпроқ маълумот бериш, анжуман географиясини янада кенгайтириш зарурлиги, иштирокчиларни бой маданий меросимиз, санъатимиз, урф-одатларимиз билан яқиндан таништириш масалалари муҳокама қилинди.
Айни пайтда Шаҳрисабзда ушбу нуфузли анжуманни юқори савияда ташкил этиш учун тайёргарлик ишлари бошлаб юборилган. Анжуманни юқори савияда ўтказиш бўйича ташкилий гуруҳ шакллантирилиб, тегишли ташкилотларга бажарилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб берилган.
— Анжуман доирасида ўтказиладиган барча тадбирлар, тайёргарлик жараёнлари, ҳудудлардан ташриф буюрувчиларнинг иштироки санитария-гигиена талабларига риоя қилинган ҳолда ташкил этилади, -дейди Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Қашқадарё вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ш. Жалалов. –Хорижлик иштирокчилар учун Ўзбекистон Республикасига кириш визалари консуллик йиғимларини ундирмасдан расмийлаштириб берилади.
Эслатиб ўтамиз I халқаро мақом санъати анжумани 2018 йилнинг 6-10 сентябрь кунлари Шаҳрисабз шаҳрининг тарихий марказида ўтказилган бўлиб, унда жаҳоннинг 75 мамлакатидан яккахон хонандалар, фольклор жамоалари, дипломатик корпус вакиллари иштирок этганди.
Асрор Аллаяров,
Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси
Қашқадарё вилояти ҳудудий бошқармаси
бош мутахассиси
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг