Шаҳноза Мирзиёева зиммасига қўшимча вазифалар юклатилди
Фото: Президент матбуот хизмати
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтаётган камбағалликни қисқартириш ишларини янги сифат босқичига олиб чиқиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида яқинда микромолия хизматлари бўйича янги механизмларни жорий қилингани айтилди.
Эндиликда 2024-2025 йилларда одамлар ўзини ўзи банд қилиши, кичик ва ўрта тадбиркорлик билан шуғулланиши учун микрокредитлар ажратишга 10 триллион сўм берилади.
Шунингдек, камбағал оилаларга 30 миллион сўмгача ускуна, кўчма дўкон (фуд-трак), мотороллер, скутер каби воситалар 5 йилда бўлиб тўлаш шарти билан берилади.
Камбағал оила фарзандларига компьютер сотиб олиш учун 5 йилга 2 йиллик имтиёзли давр билан фоизсиз кредит ажратилади.
“Зарбдор тажрибаси” асосида саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизматлар соҳасида камида 5 тадан “драйвер” лойиҳани инфратузилма билан таъминлаш учун йил якунигача 500 миллиард сўм, келаси йили яна 1 триллион сўм ажратилади.
Ҳокимларга бу лойиҳаларни тезлаштириб, йил охиригача 150 минг аҳолини ишли қилиш топширилди.
Ҳозирда хусусий инсон ресурслари компаниялари иш берувчиларга билим ва кўникмаси, салоҳияти бор кадрларни топиб бермоқда.
Эндиликда бу тажрибани кенгайтириш зарурлиги қайд этилди.
Савдо-саноат палатаси ҳузурида ишлаш истаги бор камбағал аҳоли орасидан тадбиркорларга ишчи топиб, уларни тайёрлаб берадиган марказ ташкил қилинади.
Ушбу марказ орқали қайси йўналишда қанча ишчи кераклиги ўрганилади, камбағал аҳоли нимага қизиқиши ва кўникмаси борлиги аниқланади, тадбиркорлар талабига мос камбағал оила аъзолари ишга йўналтирилади, малакаси етмаганлар эса тадбиркорлар билан бирга касбга ўқитилиб, кейин ишли қилинади.
Умуман, айтилган барча имкониятлар ҳисобига йил якунигача 500 минг, бир йилда 1,2 миллион аҳолини камбағалликдан чиқариш масъул вазирлик ва идоралар раҳбарлари, вилоят ҳокимлари олдига вазифа қилиб қўйилди.
Президент ҳар бир камбағал оилада, айниқса, хотин-қизлар орасидан камида 1 нафар олий маълумотли бўлиши учун шароит яратилишини эълон қилди. Бунда:
- олийгоҳ, коллеж ва техникум талабаларининг ўзлаштириш кўрсаткичи камида 80 фоиз бўлса, уларга кейинги ўқув йили учун фоизсиз таълим кредити берилади;
- олийгоҳ, коллеж ёки техникумга киришда грант учун етарли баллни 80 фоизини тўплаган камбағал оила фарзандларига қўшимча грант ажратилади.
Бундан ташқари, молиявий мустақил бўлган олийгоҳларни ҳар бири йилига камида 1 миллиард сўмлик грант эълон қилади.
Бу грантлар ҳисобидан, фанларни ўзлаштиришидан келиб чиқиб, камбағал оила фарзандлари контрактининг 20 фоиздан 80 фоизгача қисми қоплаб берилади.
Камбағал оилалар фарзандларини боғча, мактаб, техникум ва олийгоҳларда сифатли таълим олишини ташкил қилиш, уларга ҳар томонлама кўмак бериш масалаларини мувофиқлаштириш Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Шаҳноза Мирзиёева зиммасига юклатилди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг