Сенаторлар яна иккита қонунни маъқуллади

16:40 30 Ноябрь 2019 Сиёсат
555 0

Сенаторлар томонидан “Банкротлик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунни кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, Қонун Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг “Бизнес юритиш” ҳисоботида Ўзбекистон Республикасининг кўрсаткичларини яхшилашга йўналтирилган қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ижро этиш мақсадида ишлаб чиқилган. Хусусан, Қонун билан банкротлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларидаги атамаларни умумқабул қилинган стандартларга мувофиқлаштиришни, шунингдек банкротлик тартиб-таомиллари ҳар бир босқичи ўтиши муддатларини мақбуллаштиришни назарда тутувчи ўзгартишлар киритилмоқда. Таянч тушунчалар кенгайтирилмоқда, жумладан, “бир турдаги кредиторлар” ва “тўлов қобилиятини тиклаш таомили” каби тушунчалар киритилмоқда.

Шу билан бирга, Қонун қарздорнинг банкротлик аломатлари тушунчасини кенг ёритиб бериш, жумладан, мажбуриятларни бажариш муддатларини ва шаҳарни ташкил этувчи корхонага ҳамда унга тенглаштирилган корхонага қўйилган талаблар миқдорини, шунингдек қарздор якка тартибдаги тадбиркорга ёки якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган жисмоний шахсга нисбатан талаблар миқдорини белгилашни назарда тутувчи нормалар билан тўлдирилмоқда.

Шунингдек, суд бошқарувчиларининг профессионал бирлашмасига суд бошқарувчиси номзодини иқтисодий судга таклиф қилиш ҳуқуқини бериш, қарздорнинг молиявий аҳволи ва (ёки) ўз фаолияти тўғрисидаги ахборотни кредиторнинг талабига кўра ўн кунлик муддатда тақдим этиш бўйича вақтинчалик, санация қилувчи, ташқи ва тугатувчи бошқарувчининг мажбурияти ва бошқалар назарда тутилган.

Таъкидланганидек, Қонун мамлакатимиз қонун ҳужжатларини янада такомиллаштиришга ҳамда Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг “Бизнес юритиш” ҳисоботида Ўзбекистон Республикасининг рейтингини яхшилашга хизмат қилади.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Шунингдек, юқори палата аъзолари “Волонтёрлик фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқдилар.

Қайд этилганидек, Қонунда волонтёрлик фаолияти соҳасида юзага келадиган ижтимоий муносабатлар тизимини белгилаш, нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолияти самарадорлигини ошириш, мамлакатда фуқаролик жамиятини ривожлантиришни давом эттириш, шунингдек ҳозирги замон шароитларида волонтёрлик фаолияти самарали амалга оширилиши ва ривожланишини таъминлайдиган қонунчилик асосларини такомиллаштириш назарда тутилган.

Сўзга чиққанлар томонидан таъкидланганидек, мамлакатимизда олиб борилаётган улкан ишлар туфайли ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари ҳамда фуқароларнинг ижтимоий аҳамиятга эга масалаларни ҳал этишдаги иштироки кучайди, жумладан, хайрия тадбирлари, акциялар, ҳашарларда қатнашиш, йирик халқаро конференциялар ва форумлар, спорт мусобақалари ва бошқа тадбирларни ўтказишда кўмаклашиш орқали уларнинг иштироки фаоллашди. Ушбу тадбирларни тайёрлашдаги волонтёрларнинг аҳамияти йўқ эмас. Таҳлил шуни кўрсатдики, Ўзбекистонни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш жараёнида волонтёрлик институтидан фойдаланиш мумкин.

Мамлакатимиз амалиётини ўрганиш шуни кўрсатдики, Ўзбекистонда волонтёрлик ҳаракати фаол ривожланаётганлигига қарамай, тегишли таянч тушунчаларга эга бўлган ва унинг фаолиятини тартибга соладиган мустаҳкам қонунчилик базаси ҳали ҳам мавжуд эмас.

Янги Қонун мазкур масалалар ечимини топишга ва волонтёрлик ҳаракати янада фаоллашишини рағбатлантиришга, шунингдек волонтёрлик фаолиятини амалга ошириш учун қўшимча кафолатлар яратишга қаратилган. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер