Сенаторлар Вазирлар Маҳкамасига парламент сўровини юборишга қарор қилдилар
Сенат аъзолари Тиббий-меҳнат эксперт комиссиялари томонидан фуқароларни тиббий кўрикдан ўтказиш ва ногиронликни аниқлаш масалалари юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юбориш тўғрисидаги масалани кўриб чиқдилар.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда ногиронлиги бўлган шахсларни манзилли ижтимоий ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланган. Тегишли хизматларни янада такомиллаштиришга қаратилган тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш борасида ягона сиёсатни шакллантириш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида Тиббий-ижтимоий хизматлар агентлиги ташкил этилган.
Бироқ олиб борилаётган ишлар билан бир қаторда камчиликлар ва ечимини кутаётган муаммолар сақланиб қолмоқда. Жумладан, ногиронликни барвақт аниқлаш ва олдини олиш, ногиронлиги бўлган шахсларга тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш ва қўллаб-қувватлашнинг самарали механизми йўлга қўйилмаган. Фуқароларни чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиш ишларининг тизимли йўлга қўйилмаганлиги оқибатида ногиронлиги бўлган шахслар сони сўнгги уч йилда 9 фоизга ошган.
Ногиронлик профилактикаси, бундай шахсларни тиббий-ижтимоий ва малакавий реабилитация қилиш бўйича яқин, ўрта ёки узоқ муддатли стратегиянинг мавжуд эмаслиги бундай шахсларни тиббий-ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш тизимини яратишга тўсқинлик қилмоқда.
Шу муносабат билан ушбу парламент сўровини йўллаш зарурати пайдо бўлди. Мазкур масала бўйича Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг