Сенаторлар “Ер қаъри тўғрисида”ги Қонуни нега рад этди?

14:09 24 Август 2023 Жамият
765 0

Бугунги кунда иқтисодиётимиздаги чуқур ислоҳотлар жараёнида заминимиз табиий бойликларидан бир томондан оқилона, табиий-иқлим мувозанатига путур етказмаган ҳолда, иккинчи томондан иқтисодиётимиз юксалиши ва шу асосда халқимиз фаровонлиги ошишини таъминлаган ҳолда фойдаланиш ўта долзарб масалага айланган.

Сенатнинг қирқ тўртинчи ялпи мажлисида муҳокама қилинган “Ер қаъри тўғрисида”ги Қонун ҳам ушбу талабларга асосан ишлаб чиқилган.

Сенаторларнинг таъкидлашича, Қонун устувор мақсадларга эришишга йўналтирилган бўлса-да, унда қатор концептуал даражадаги низоли масалалар мавжуд.

Жумладан, сўнгги йилларда амалга оширилаётган маъмурий ислоҳотлар шароитида республика ижро этувчи ҳокимият органлари қайта ташкил этилди ва уларнинг зиммасига янги вазифалар юкланди. Бугунги кунда амалда бўлган мутлақо янги маъмурий ёндашув нуқтаи назаридан Қонунда тугатилган ёки қайта ташкил этилган мутасадди идораларнинг ваколатларига доир моддалар қайта кўриб чиқилиши зарур.

Бундан ташқари, муҳокамалар жараёнида Қонунда долзарб аҳамиятга эга яна бир қатор масалалар эътибордан четда қолганлиги айтиб ўтилди.

Қонунда ер қаъри участкасидан фойдаланиш ҳуқуқини чеклаш ёки тўхтатиб туриш Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси кўрсатмалари асосида ўн кундан ошмайдиган муддатга амалга оширилиши, қоидабузарликларни бартараф этиш ишларини якунлаш билан боғлиқ бўлган алоҳида ҳолларда, ер қаъри участкасидан фойдаланиш ҳуқуқини тўхтатиб туриш ўттиз кундан ошмайдиган муддатга узайтирилиши мумкинлиги назарда тутилмоқда.

Бироқ, “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонуннинг 42-моддасига асосан фаолиятни чеклаш, тўхтатиб туриш ва тақиқлаш фақат суд тартибида амалга оширилади. Яъни, бу каби норма нафақат қонунчиликка, балки янги таҳрирдаги Конституциямизнинг тадбиркорлик фаолияти эркинлиги ва дахлсизлигига оид нормаларига ҳам мутлақо зиддир.

Шунингдек, Қонунга ер қаърини “кадастр квадратлар”га бўлиш амалиётини жорий этиш ва “Ягона интерактив геологик портали” бўйича қоидалар киритилмаган.

Ер қаъридан фойдаланишда экологик ва саноат хавфсизлигини таъминлаш, тоғ-кон қутқарув қисмлари ҳамда очиқ нефть ва газ фонтанларининг олдини олиш ва бартараф этиш бўйича хизматлар фаолияти тартиби белгиланмаган.

Бундан ташқари, мазкур соҳада ишга жойлаштириш ва ўқитишга талаблар, рухсатномалар эгаларининг ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича мажбуриятлари назарда тутилмаган.

Юқоридагилар инобатга олиниб, Қонунни қайта кўриб чиқиш ва соҳа мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳини тузган ҳолда такомилига етказиш мақсадга мувофиқ эканлиги таъкидланди.

Муҳокамалар якунида Сенаторлар томонидан Қонунни рад этиш юзасидан Сенат қарори қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер