Сенатор томонидан Тошкент вилоятида мавжуд ижтимоий аҳамиятга эга муаммолар ўрганилди
Олий Мажлис ҳузуридаги Парламент комиссияси аъзоси, cэнатор Малика Кодирхонова, Жамоат фонди вакиллари ҳамда халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатларидан иборат ишчи гуруҳ томонидан Тошкент вилоятининг Пискент, Бўка, Қибрай туманлари ва Нурафшон, Олмалиқ шаҳарларида мавжуд ижтимоий аҳамиятга эга муаммолар ўрганилди.
Ўрганишлар давомида асосий эътибор «маҳалла еттилиги» вакиллари билан бевосита мулоқот қилишга қаратилди. Сенатор маҳалла раислари, ҳоким ёрдамчилари, ёшлар етакчилари ва хотин-қизлар фаоллари билан учрашиб, ҳар бир маҳалланинг ўзига хос муаммоларини таҳлил қилди. Хусусан, аҳоли бандлигини таъминлаш, томорқалардан унумли фойдаланиш ва «хавфсиз маҳалла» тамойилини жорий этиш бўйича «еттилик» тизимининг имкониятлари кўриб чиқилди.
Шунингдек, мулоқот давомида Олий Мажлис Сенатининг яқинда бўлиб ўтган 14-ялпи мажлисида қабул қилинган муҳим қонунларнинг мазмун-моҳияти маҳаллий Кенгаш депутатлари ва кенг жамоатчиликка тушунтирилди.
Таҳлил натижалари асосида аниқланган муаммоларнинг манзилли ечимига қаратилган махсус грант танловлари эълон қилиниши режалаштирилган. Мазкур ёндашув давлат маблағларини бевосита халқни қийнаётган реал муаммолар ечимига йўналтириш ва маҳаллаларда ижтимоий шерикликни кучайтиришга хизмат қилади.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг